Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Камбағаллар касаллиги». Ўзбекистон ва АҚШ уни буткул тугатиш бўйича ҳамкорлик қилади

«Камбағаллар касаллиги». Ўзбекистон ва АҚШ уни буткул тугатиш бўйича ҳамкорлик қилади

Фото: АҚШ элчихонаси матбуот хизмати

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистонда сил касаллигини янада камайтириш учун мақсадли инвестицияларни таъминлашга қаратилган янги беш йиллик дастурни ишга туширди. Дастур Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда амалга татбиқ этилади. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шу муносабат билан ўтказилган анжуманда Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсуфалиев, АҚШнинг юртимиздаги элчиси Даниэл Розенблюм ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Ўзбекистондаги вакили доктор Лианна Куппенс иштирок этди.

«Ўзбекистон ҳукумати ташхислаш, даволаш ва парваришлаш ишларини яхшилаш орқали силга қарши курашда катта ютуқларга эришди. Биргаликда иш юритиб, биз Ўзбекистонда, бутун минтақа ва дунёда одамлар ҳаётини асраш ва оилаларни соғлом сақлаш бўйича ўзгаришлар қилишни давом эттира оламиз», – деди АҚШ элчиси Д.Розенблюм.

Ўзбекистонда ЖССТ тавсия етган cилга барҳам бериш стратегияси асосида тизимли иш олиб борилмоқда. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги, АҚШ ҳукумати ва халқаро ҳамкорларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракати туфайли юртимизда силга қарши курашда ижобий натижаларга эришилди. Жумладан, сил касаллигидан ўлим ҳолати 5 баробарга, силга чалиниш ҳоллари эса 2 баробарга камайди. 2019-2025 йиллар ичида эса сил билан касалланиш ҳолатларини 20 фоизга камайтириш кўзда тутилган. ЖССТ эътирофига кўра, Ўзбекистон силга қарши олиб борилаётган тадбирларнинг натижалари бўйича Европа ҳудудига кирувчи 53 мамлакат орасида 2-ўринда кўтарилди.

Ижобий кўрсаткичларга қарамай, силнинг кўп сонли дориларга чидамли тури Ўзбекистонда жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Шу боис АҚШ ҳукумати USAIDнинг «Global Accelerator to End TB» дастури доирасида Ўзбекистондаги силга қарши кураш миллий дастури амалга ошираётган чора-тадбирларга кўмаклашиш учун инновациявий ва иқтисодий самарали воситаларни қўллаб-қувватламоқда. Жумладан, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистон ҳукуматига силга қарши препаратлар ва диагностик ускуналар харажатларини камайтириш, силга қарши юқори сифатли препаратлар мавжудлиги ва фойдаланиш имкониятини таъминлаш ҳамда силнинг кўп сонли дориларга чидамли турини ташхислаш ва даволаш соҳасида ЖССТнинг энг сўнгги баённомалари ва тавсияларини жорий қилишга ёрдам кўрсатиш мақсадида тўртта янги лойиҳани ишга туширди.

Сайёрамиз бўйича йилига 8,6 миллион киши «камбағаллар касаллиги» деб аталадиган силга чалинмоқда. 1 миллиондан ортиқ бемор эса унинг турли асоратлари туфайли вафот этади. Бу эса касалликнинг олдини олиш, барвақт аниқлаш, даволашнинг замонавий усулларини яратиш ва амалга татбиқ этиш халқаро ҳамжамият олдидаги муҳим вазифалардан эканини кўрсатади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг