Катта фирибгарликда айбланган шахс Перудан Ўзбекистонга келтирилди
Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан Интерпол каналлари орқали қидирувга берилган фуқаро Перудан Ўзбекистонга олиб келинди.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган ўта йирик миқдордаги фирибгарликни содир этганлиги учун қидирувда бўлган Туркия фуқароси экстрадиция қилинди.
Гумонланувчи Перу ҳудудида тергов органларидан яшириниб юрган ва халқаро қидирув доирасида қўлга олинган.
Экстрадиция Тошкент ва Лима Миллий марказий бюролари ходимларининг ҳамкорликдаги тезкор-қидирув тадбирлари ҳамда экстрадиция жараёнида транзит ўтган Франция ва БАА ваколатли органларининг халқаро ҳуқуқ доирасида кўрсатган ёрдами туфайли амалга оширилди.
Мазкур ҳолат трансмиллий жиноятчиликка қарши курашишда Интерпол Халқаро жиноий полиция ташкилотига аъзо давлатлар ўртасидаги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик самарадорлигини тасдиқлайди.
Экстрадиция қилинган шахс кейинги процессуал ҳаракатларни ўтказиш ҳамда Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиш учун Интерпол Миллий марказий бюроси ва Республика Бош прокуратураси ходимлари ҳамроҳлигида Ўзбекистон Республикасига олиб келинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter