Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жазоланган фақат Санъат Умаров эмас! Каттақўрғон воқеаси юзасидан бир гуруҳ ходимлар ишдан олинди

Жазоланган фақат Санъат Умаров эмас! Каттақўрғон воқеаси юзасидан бир гуруҳ ходимлар ишдан олинди

Фото: «Xabar.uz»

Шу йилнинг 4 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг расмий сайтида ижтимоий тармоқларда тарқалган «Самарқандлик терговчи ўғриликда шубҳаланган аёлни ечинтирди ва ҳақоратлади» деб номланган видеолавҳа юзасидан расмий муносабат билдирилиб, мазкур маълумот бўйича вазирлик томонидан хизмат текшируви ўтказилаётганлиги маълум қилинган эди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар қилишича, мазкур иш юзасидан текширув якунланган. Унинг натижасига кўра, хизмат вазифаларини ижро этишда қўпол камчиликларга йўл қўйиб, ходимларнинг хизмат олиб бориш фаолиятини тегишли тартибда назорат қилмаган ҳамда шахсий таркиб билан якка тартибдаги тарбиявий ишлар олиб борилишини етарли даражада ташкил этмаганликлари учун Каттақўрғон шаҳар ИИБ бошлиғи Илёс Абдуқаҳҳоров, унинг биринчи ўринбосари Иззатилло Хўджамқулов ҳамда кадрлар бўйича ўринбосари Зафар Шералиев, шаҳар ИИБ ЖҚБ бошлиғи Алишер Шукуров Ички ишлар вазирининг буйруғи билан ички ишлар органлари хизматидан бўшатилган. Вилоят ИИБ ва шаҳар ИИБнинг бир қатор раҳбар ходимларига нисбатан бошқа интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Бундан ташқари, юқоридаги воқеа содир этилиши билан боғлиқ ҳолатларда хизмат вазифаларини бажармаган Каттақўрғон шаҳар ИИБ катта инспектор навбатчиси Насим Алиев ва навбатчи ёрдамчиси Жаҳонгир Шодиевлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилдилар, ушбу ИИБ профилактика инспектори Шамшод Тўхтаев эса ички ишлар органлари сафидан бўшатилди.

Юқоридаги видеолавҳани тасвирга олган ва унда акс этган ҳолатларни келтириб чиқарган Санъат Умаров ички ишлар органлари сафидан бўшатилиши билан бирга, унга нисбатан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган. Жиноят иши бўйича ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Келгусида бу каби салбий ҳолатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида, ўтказилган хизмат текшируви хулосаси барча даражадаги ички ишлар органлари шахсий таркиби орасида кенг муҳокама қилинмоқда.

Шунингдек, бундай ҳолатларга қатъиян йўл қўймаслик ҳамда ички ишлар органларида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги фаолиятнинг аҳволини ҳар томонлама ўрганиш, аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш ва тегишли чора-тадбирлар кўриш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигининг қўшма фармойиши билан ишчи гуруҳи тузилди. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-майор П.Бобожонов раҳбарлигидаги ушбу ишчи гуруҳи Самарқанд вилояти ички ишлар органлари фаолиятини ўрганмоқда.

Мазкур ўрганишлар республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич ўтказилиши белгиланган.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг