Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Коррупцияга қарши курашиш фақат тегишли идораларнинг иши эмас

Коррупцияга қарши курашиш фақат тегишли идораларнинг иши эмас

Фото: «The Nation»»

Дунё дунё бўлибдики, одамзотни ҳакалак отган нафси халқ ичида обрўсизлантириб, шарманда қилар экан. У ҳам бўлса, бойлик орттириш илинжидаги нафси туфайли. Шу тоб халқ ичида юрадиган бир ҳикматли ривоят ёдимга тушди.

Кенг ва чиройли йўлакда бойлик ҳўнграб йиғлаб ўтирганмиш. Шунда ундан, «Ие, бойлик, нима гап, сени ҳам йиғлатадиган куч борми, қўлинг узатган жойга етса, хоҳишинг доимо муҳайё бўлса, бу не ҳол, — дея кўнгил сўрабдилар. Бойлик  эса: «Э, ҳаловатим йўқ, ҳеч бир неъматдан ҳузурланмайман, қувонч йўқ» деб жавоб берибди.

Шундай… Бу дунёнинг энг буюк неъмати қаноат эканлиги, у туфайли инсон кечирган умри, касбу коридан рози-ризолик, эл ичида обрў, хайру барака ва ҳузур-ҳаловат топиши бор гап. Афсуски, буни билган одамзот нафсдек ўпқон олдида ҳар гал мулзамда.

Яқинда қайсидир телеканал ахборотида кўриб қолдим. Олий суднинг судьяси пора олгани ва унга нисбатан жиноий иш очилганини... Бирни кўр фикр қил, бирни кўр шукр қил, деганлари шу бўлса керак-да. Бир нобоп қилмишнинг минг қора иши туфайли йиллар давомида мисқоллаб йиғилган обрў эл улус олдида ер билан битта бўлди. Ҳа, нафснинг сўнгги манзили ҳар доим худди шундай хунук манзара билан тугаши рост гап. Бундан ўз вақтида  хулоса чиқариш инсоннинг тўғри йўлда турганлигидан далолат беради.

Ўйланиб қоламан, наҳот ҳалол меҳнатингиз эвазига давлат томонидан берилаётган ойлик маошга кун кўриш мушкул. Наҳот рўзғор боқиш учун етмаса? Наҳот айримлар бойликнинг нишонаси деб ҳисоблайдиган данғиллама иморат, сўнгги русумдаги автомашинани 3-4 йилда ишлаб оламан, деб ўйлашса… Олиш мумкиндир, пора ёки тама эвазига... Тез фурсатда топилган бойлик бир неча дақиқаларда кўкка совурилиши мумкинлиги ҳам кўпчиликка аён-ку. Ота боболаримиз ҳам бундай тўкисликка, фаровон турмушга йиллар давомида эришгани азалдан маълум.

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, биз ўзбекларнинг дастурхонимиздаги энг табаррук неъмат нима?  Усиз дастурхон бефайз. Албатта, нон. Ҳар тонг нонушта учун дастурхонингизга қўйиладиган ноннинг ҳалол меҳнат эвазига топилаётганига ишонсангиз, шунинг ўзи катта бахт.  Бир касб ортидан оила боқиб, юртга тўй томоша бериш саодати фақат ҳалол яшаш бахти билан тўкислигига ишонаман. Шунда айрим кимсалар  тақдиридаги шармандалик ҳеч кимнинг чекига тушмайди... Аслида ҳаром луқма инсонга ҳеч қачон татимаган.

Коррупцияга қарши курашиш фақат тегишли идоралар вакилларининг иши эмас. Бу жамоатчилик назоратидаги юмуш бўлиши лозим. Мен коррупцияни одамда пайдо бўладиган бирор бир ярага ўхшатаман. Мадда қачон қурийди, қачонки, ўша организмда  ярага қарши иммунитет, маддага қарши малҳам топилсагина... Демак, ҳар биримиз қаерда бўлмайлик, масъул шахсларнинг тамагирлигига гувоҳ бўлганда индамай кетавермасдан,  тўрт томонга жар солиш мавриди келди. Адолатсизликка нисбатан муросасизликни ўзимиздан бошлашимиз даркор. Чунки адолат ҳавога ўхшайди. У йўқ жойда бўғилиб қолиш ҳеч гап эмас. Шу ўринда тамагирлик динимизда ҳам  қораланганини айтмоқчи эдим. Қуръони Каримда ҳам  «Бошқаларнинг мулкини ноҳақ йўл билан олмангиз ва бошқаларга тегишли бўлган нарсаларни олиш учун ўз мулкингиздан ҳокимларингизга пора қилиб узатмангизлар» дейилган. Демак, тамагирлик гуноҳ ишлардан бири.

Бугун коррупцияга қарши курашиш бўйича республикамизда қанчадан қанча қонунлар, қарорлар, ҳукумат ҳужжатлари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда биринчи даражали вазифа этиб қўйдилар. Жамиятимизда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо муқаррарлиги маълум.

2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни кучга киргани коррупцияга барҳам бериш учун барча асосларни яратиб берди. Давлатимиз раҳбарининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эса  қонун ижроси тўлиқ ва самарали таъминланиши учун қабул қилинди. 

Шу қарор асосида «2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури» ҳам тасдиқланди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилиб, мазкур комиссия коррупциянинг ҳолати ва тенденциялари тўғрисидаги ахборотни йиғди ва таҳлил этди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш ишларини амалга оширди. 

Хулоса ўрнида айтадиганимиз коррупцияга қарши курашда Швеция, Сингапур, Гонконг, Португалия каби юқори натижаларга эришган давлатларнинг тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, коррупцияни юзага келтирувчи омилларни бартараф этиш коррупцияга қарши курашда муҳим ўрин эгаллаган. Аммо, фақатгина жиноий қонунчиликни оғирлаштириш йўли билан бу салбий иллатга қарши курашиб бўлмайди. Чунки Хитой Халқ Республикасида жуда кўп миқдорда пора олганлик учун ўлим жазоси мавжуд. Бу иллатни енгиш учун биринчи навбатда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқаролик институтлари фаолиятини кучайтириш лозим.

Элдор Баҳодиров,
Давлат хизматлари агентлигининг
Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг