Мағоки Атторон: оташпарастликдан ислом маданиятигача бўлган йўл

Тилсим шаҳар Бухоройи шариф тарихий синоатларга бой ўлка. Унинг ҳудудида ўтмиш ҳақида сўзловчи минглаб археологик ёдгорликлар бор.
Мағоки Атторон ёдгорлиги ана шундай қадимги давлатчилик ҳамда шаҳар маданиятига оид ноёб ёдгорликлардан бўлиб, у Бухоро шаҳри марказида жойлашган. Илгариги атторлар растаси ўрнида қурилган. Шу туфайли Атторон масжиди, деб аталган. «Мағок» эса, чуқурликда жойлашган, деган маънони англатади.
Масжид шарқдан ғарбга чўзилган ўлчами 13,35х17,6 метр бўлган тўртбурчак шаклда. Тарихий манбааларга кўра, ичкариси 6 устунли, 12 гумбазли, ўрта гумбази баландроқ бўлиб, унинг пойгумбазидаги дарчалар орқали бино ичига ёруғлик тушади. Шарқий қисмини кенг пиллапояли зина эгаллаган. Ғарбий девор ўртасида оддий меҳроб жойлашган. Бинонинг пойдевори ер сатҳидан 4,5 метрдан кўпроқ пастда жойлашган.
Меъморий обиданинг қурилишида хом ва пишган ғишт, ёғоч, лой, махсус «қир» қотишмаси, тош, ганж ва шунга ўхшаш ашёлардан кенг фойдаланилган. Меъморий обиданинг дизайни: Қадимий 4 устунли Моҳ масжиди (IX аср) ўрнида XII асрда эски лойиҳа асосида қайта қурилган. XIV асрда таъмирланган, XV асрда пештоқининг юқори қисми бузилган. Шайбоний Абдулазизхон даврида (1541-1542-йиллар) бинонинг юқори қисми, гумбазлари қайта қурилган. Масжиднинг иккита кириш эшиги бор. Жанубий қисми 1934—1935-йилларда тадқиқот ва реставрация ишлари давомида очилган. Пештоқи ўйилган терракота билан безатилган ва кириш эшиги ички аркининг рамкали ёйида кўк рангли ёзувлар мавжуд. Ўша пайтда Бухоро Шарқдаги энг йирик меъморчилик ва қурилиш фаолияти марказларидан бири бўлган.
Вақт ўтиши билан масжид кўмилиб кетган. Масжиднинг шарқий пештоқидаги ёзувларга кўра, 1547 йилда Абдулазиз ибн Абдуллоҳ масжидни буздириб, унинг ўрнига янги масжид қурдирмоқчи бўлади. Аммо, Нақшбандия тариқатининг ўша даврдаги пешвоси ва хоннинг муршиди Маҳдуми Аъзам бунга йўл қўймаган. Меъморий обиданинг 1939-1949 йилларда пештоқи мустаҳкамланиб таъмирланган, атрофи ободонлаштирилган. Бундан ташқари, мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг, юртимиздаги бошқа меъморий иншоотлар қаторида ушбу иншоот ҳам таъмирланган.
Шоҳруд канали яқинида жойлашган бу антиқа обида Эски шаҳар ҳудудидаги бошқа бинолардан ажралиб туради ва жуда қадимийроқдир. Археолог олимлар томонидан Бухоронинг қадимий шахристон қисми аллақачон аниқланган. Лекин, шаҳарнинг энг қадимий маркази шаҳристон эмас, айнан шу масжид атрофидир.
Ўзбекистон Миллий педагогика университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Шавкат Бобожоновнинг «Xabar.uz»га билдиришича, Шарқ меъморчилиги анъаналарини ўзида мужассамлаштирган, «Чор» услубида бунёд этилган Мағоки Атторий масжиди ўрнида араблар истилосигача Моҳ (Ой) бозори бўлган. Бут, доривор ва зираворлар билан савдо қилинган, оташпарастлар ибодатхонаси ҳам шу ерда бўлган. Бухоронинг машҳур тарихчиси Муҳаммад Наршахий ўзининг «Бухоро тарихи» китобида қуйидагиларни баён қилади: «Бухорода бир бозор бор эдики, уни «Бозори Моҳ Рўз» дер эдилар. Бу ерда йилига икки марта бозор бўлар ва бутлар сотилар эди. Ҳар бозор куни 50 000 дирҳамдан ортиқ савдо бўлар эди. Қадим вақтларда Бухоро аҳолиси бутпараст бўлганлар ва бу бозор расм бўлиб, ўша даврлардан бошлаб бу ерда бут сотганлар»
- Абу-л Ҳасан Нишопурийнинг «Хазоин ул-улум» китобида айтилишича, қадимда Бухорода бир Моҳ исмли подшоҳ бўлган. У шу бозорни қурдирган ва барча дурадгор ва наққошларни шу ерга бут йўнишга жалб қилган. Моҳ подшоҳ халқ бут сотиб олишга қизиқсин учун, шу бозорга келиб Моҳ (Мағоки Атторон) масжиди ўрнашган ерда тахтда ўтирган ҳамда бозор ва савдони кузатиб турган. Бозорда жами 10 000 дўкон бўлган. Подшоҳ савдо-сотиқни янада ривожлантириш мақсадида бу ерда оташпарастлар бутхонасини ҳам қурдирган. Наршахий бу ҳақда шундай дейди: «Бозор куни одамлар бу ерга йиғилганларида ҳаммалари ибодатхонага кириб оловга топинар эдилар. Бу ибодатхона то исломият давригача бор эди, мусулмонлар қувватланиб кетгач, мазкур (Моҳ) масжидини худди шу жойга бино қилдилар. Ҳозир у Бухоронинг мўътабар масжидларидандир,-дейди Шавкат Бобожонов.
Масжиднинг жанубий пештоқидаги мураккаб нақшлар ҳайратланарли ва диққатга сазовордир. 30-йилларда таниқли археолог В.Шишкиннинг обида остини 6 метр чуқурликда қазиши натижасида масжид остидан оташхона қолдиғи топилган. 70-йилларда яна бир гуруҳ бухоролик тадқиқотчилар меъморий ёдгорлик атрофини 7 метр қалинликдаги тупроқдан тозалаб, бино пойдевори остига қудуқлар қазишган эди. Бунинг натижасида обида ўрнида турли даврларда устма-уст 3 бино барпо этилганлиги аниқланган эди. Энг пастки қадимги қисмидан оташпарастлар бутхонасининг пахса девори очилган.
Ушбу масжидни Қутайба ибн Муслим оташхонани вайрон қилиб, ўрнига қурдирган ва Мағоки Атторон, яъни «чуқурликдаги бозор» деб атаган. Шаҳарда масжидлар жуда кўп бўлиб, Мағоки Атторон масжиди ҳам шулардан бири бўлган. Шу сабабдан ҳам Бухоро «Шаҳарлар имоми» дея эътироф этилган.
Шавкат Бобожонов бухороликлар орасида Мағоки Атторон масжиди хусусида ривоят мавжудлигини айтиб, у ҳақда сўзлаб беради: Хўжаи Ҳизр бир куни пешин намозини Бухородаги Мағоки Аттори масжидида ўқир экан. Бир куни намоз ўқийдиганлар орасида Хўжаи Хизр ҳақида гап бўлиб қолади. Шунда улар орасидаги бир чол:
- Мен ҳар куни беш вақт намозни шу масжидда ўқийман, лекин, бирор марта ҳам Ҳизрни кўрганим йўқ, - дебди. Бу гапни эшитиб турган бир йигит:
- Сиз қирқ кун бу масжидга ҳаммадан олдин келиб, ҳаммадан кейин чиқинг, шунда Ҳизрни кўриш шарафига муяссар бўласиз, - дебди.
Чол ўттиз тўққизинчи куни масжидда бир йигит билан бирга қолибди. Йигит чолга масжид эшигидан чиқиш учун йўл берибди ва чолдан неча ёшга кирганлигини сўрабди. Чол:
- Саксон беш ёшга кирдим,- деб жавоб берибди. Чол ҳам йигитдан неча ёшга кирганлигини сўрабди. Йигит чолга:
- Неча ёшга кирганлигимни билмайману, лекин, Бухоро етти марта бузилиб, етти марта бунёд бўлганлигини, бу масжид дарёнинг мағоки, яъни энг чуқур жойида бунёд бўлганлигини кўрганман, -дебди.
Чол шунча кўп умр кўрган кишини кўриш ниятида орқасига ўгирилса, йигит ғойиб бўлган экан. Шундагина чол бу йигит Ҳизр эканлини англаб етибди ва у билан бафуржа суҳбатлаша олмаганидан афсусланибди.
Албатта, бу ривоят ёки афсона бўлиши мумкин. Лекин, ҳар қандай ривоят замирида ҳам бироз бўлса-да, ҳақиқат яшайди. Чунки, Бухорони азалдан “Ҳизр назар карда” деб келишган.
Мағоки Атторон масжиди Тоқи Саррофон ва Тоқи Телпакфурушон билан бирга, яхлит бир комлексни ташкил этади. Масжид ёнидаги яқинда очилган эски ҳаммом қолдиқлари ҳам гўшага ажиблик ва ғаройиблик бахш этиб турибди. Ҳозирда бу жой Файзулла Хўжаев номли хиёбон, деб аталади.
Бугунги кунда ушбу обида ичида гиламлар музейи ҳамда кўргазмаси фаолият олиб бориб, нафақат, бухороликларнинг, балки, барча юртдошларимизнинг ажойиб зиёратгоҳларидан бирига айланиб қолган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter