Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мажбурий меҳнат ва футболга мажбурий чипта. Андижонда нималар бўляпти?

Мажбурий меҳнат ва футболга мажбурий чипта. Андижонда нималар бўляпти?

Давлат меҳнат инспекцияси томонидан Андижон вилоятида ўқитувчилар ва ўқувчиларининг мажбурий меҳнатга жалб қилинганлиги ҳолати текширилмоқда. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълум қилди.

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

Мазкур ҳолат Избоскан туманидаги 7-сонли мактабда рўй бергани билдирилмоқда. Вазирлик ушбу ҳолатга оид фотоларни ҳам илова қилган.

Шунингдек, шу кунларда ижтимоий тармоқларда «Андижон» футбол клубининг уй учрашувларига чипталар ва йиллик абономентлар мажбурий сотилаётгани ҳақида эътирозлар кўп янграмоқда. Айтилишича, айрим корхоналарга бир неча ўнталаб йиллик абономентлар харид қилиш мажбурияти юкланган. Чипталарнинг дарвоза ортидаги ўриндиқларга экани ва нархининг қимматлиги қўшимча норозиликларни келтириб чиқарган. Энг ачинарлиси, абономентларни сотиб олиш мактаб ва боғчаларнинг зиммасига ҳам юкланмоқда экан. Ушбу масалага ҳам тегишли ташкилотлар тез орада ойдинлик киритишса ажабмас. Чунки «пинҳона иш»нинг аллақачон «миси» чиқиб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 17 апрелида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида «Ҳудудларда дала ва тозалаш-ободонлаштириш ишларига тиббиёт ва таълим муассасалари ходимлари, талабалар ва ижтимоий соҳа вакилларини жалб қилишни тақиқлаш ва ушбу ҳолатларга йўл қўйган барча даражадаги ҳокимлар ва раҳбарларнинг шахсий масъулият ва жавобгарлигини оширишга қаратилган чораларни белгилаш» масаласига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, ижтимоий соҳа ходимларини жамоат ишларига мажбурий жалб этишга йўл қўйилмаслиги расман маълум қилинган эди. Ўша видеоселектор йиғилишида  Андижон шаҳар ҳокими Раҳматуллаев ва Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Раҳмоновга ҳайфсан ҳамда охирги марта огоҳлантириш берилганди.

2018 йилнинг 10 майида эса Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори қабул қилинганди.

Ушбу қарор ижроси доирасида 2018 йилда Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга йўл қўйган 200 нафардан ортиқ раҳбар жавобгарликка тортилгани айтилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг