Президент Марғилондаги 1,7 трлн сўмлик мажмуани бориб кўрди
Президент Шавкат Мирзиёев Қува туманидаги 1-сонли техникумда ёшларни замонавий касблар ва хорижий тилларга ўқитиш ишлари билан танишди.
Бугун мамлакатларнинг рақобатбардошлиги нафақат табиий ресурслар, балки инсон капитали, билим ва замонавий касб эгаларининг салоҳияти билан ҳам белгиланмоқда. Шу боис, Ўзбекистонда профессионал таълим тизимини ислоҳ қилиш, айниқса, ҳудудлардаги техникумларни амалий билим, инновация ва тадбиркорлик марказларига айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қува туманидаги техникум фаолияти ҳам мазкур ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
Техникум биносида замонавий касбларга ўқитиш ва стартапларни қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилган.
Хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда немис ва хитой тилларини ўқитиш билан бирга логистика, қишлоқ хўжалигида дронларни бошқариш, “ақлли” ирригация, қуёш панелларини ўрнатиш ва таъмирлаш каби замонавий йўналишлар бўйича кадрлар тайёрланади.
Дуал таълим тизими жорий этилиб, 550 нафар ўқувчи назарий билимларни бевосита амалиёт билан боғлаган ҳолда олмоқда.
Стартап маркази ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда робототехника, СMM, мобилография, дизайн каби талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича ҳам ўқув курслари ташкил этилган.
Лойиҳа доирасида 200 та янги иш ўрни яратилади. Ушбу тажрибани республикадаги яна 10 та қишлоқ хўжалиги техникумида жорий этиш режалаштирилган.
Президентимиз касб ўрганаётган ёшлар билан суҳбатлашди, уларнинг ўқиши ва келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Марғилон шаҳридаги “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида барпо этилган маданият ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари билан танишди.
Фарғона вилоятининг туризм салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз натижасини бермоқда. Кейинги йилларда ҳудудга хорижий сайёҳлар ташрифи бир неча баробар ошгани ҳам бунинг яққол далилидир.
Қадимий Марғилон шаҳри бу борада катта имкониятларга эга. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 1 апрелдаги қарори асосида бу ерда “Бурҳониддин Марғиноний” мажмуаси барпо этилди. Миллий меъморчилик анъаналари, Марғилон тарихи ва замонавий туризм талаблари уйғунлашган ушбу мажмуа қадим шаҳар ичидаги шаҳарчадир.
35 гектар майдонни эгаллаган мажмуада сайёҳлар учун барча қулайликлар яратилмоқда. Бу ерда меҳмонхона, карвонсарой, савдо ва хизмат кўрсатиш бинолари, ҳунармандлар маркази, миллий бозор ва музейлар қуриб битказилган.
Буюк аллома Бурҳониддин Марғинонийнинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш мажмуанинг асосий йўналишларидан биридир. Шу билан бирга, ҳудудда қадимий ҳунармандчилик анъаналарини сақлаш, зиёрат ва маданий туризмни ривожлантириш кўзда тутилган.
Мажмуада “Отабек ва Кумуш уйи” музейи ҳам ташкил этилган. Унинг деворларида “Ўткан кунлар” романи саҳналари жонлантирилиб, адабиёт ва тарихни уйғунлаштирган ноёб муҳит яратилган. Шунингдек, мақом театри, шоир ва рассомлар хиёбони ҳамда кутубхона ҳам жой олган.
Қиймати 1,7 триллион сўм бўлган лойиҳанинг бош режаси Туркиянинг “Studio Vertebra” компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Мажмуа икки босқичда барпо этилади. Келгусида бу ерда бизнес марказ, 1500 ўринли масжид, меҳмонхоналар, 400 та савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтаси ҳамда 300 ўринли бозор ташкил этилади.
Давлатимиз раҳбари мажмуа бўйлаб юриб, бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Ҳунармандчилик, бадиий ва амалий санъат кўргазмалари, бозор расталари билан танишди. Жамоатчилик вакиллари билан самимий суҳбат қурди.
Мажмуа тўлиқ ишга тушгач, вилоятга йилига ўртача 200-250 минг нафар хорижий сайёҳ жалб этилиши кутилмоқда. Бунинг натижасида 2 мингта иш ўрни яратилади, бюджетга 52 миллиард сўм тушум ва 30 миллион долларлик хизматлар экспорти таъминланади.
Шунингдек, “Бурҳониддин Марғиноний” мажмуаси тажрибасини Бухородаги “Боқий Бухоро”, Самарқанддаги Имом Мотуридий мақбараси атрофи, Қўқондаги Ўрда, Намангандаги “Ахсикент” ёдгорлиги ҳамда Тошкентнинг Эски шаҳар ҳудудларида ҳам кенг жорий этиш режалаштирилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter