Марказий банк 7 та банк ва 1 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси 2026 йилнинг январь ойида жами 6 марта йиғилиш ўтказиб, уларда 27 та масалани кўриб чиққан ва тегишли қарорлар қабул қилган.
Жумладан, рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида жами 17 та масала кўриб чиқилди.
Шунингдек, «Baraka biznes hamkor mikromoliya tashkiloti» ва «Effective money mikromoliya tashkiloti» масъулияти чекланган жамиятлари ўз аризасига асосан микромолия ташкилотлари реестридан чиқарилди. Бундан ташқари, «IT Unisoft group акциядорлик жамиятига тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензия ҳам ўз аризасига мувофиқ бекор қилинди.
Шу билан бирга, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 10 та масала кўриб чиқилди. Хусусан, Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, банк ва микромолия ташкилотларида ўтказилган инспекция натижалари, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳамда тўлов ташкилотларида белгиланган талабларига риоя этилишига доир масалалар муҳокама қилинди.
Қонунчилик талабларига мувофиқ фаолиятини ташкил этмаганлиги учун 4 та тўлов ташкилотига нисбатан қатъий чоралар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантириш берилди. Шунингдек, корпоратив банк карталарига хизмат кўрсатиш жараёнида қонунчилик талаблари бузилгани, ҳамда инспекциялар давомида аниқланган камчиликлар учун 7 та банк ва 1 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланилди.
Шунингдек, жорий йил январь ойида банк фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар етарли даражада самара бермагани, жумладан, устав капитали қонунчиликда белгиланган энг кам миқдорга етказмагани ва банк фаолиятига оид қатор талаблар бажарилмагани сабабли «Yangi bank» акциядорлик жамиятининг банк фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензияси бекор қилинди.
Манба: cbu.uz


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter