МБ: Ўзбекистоннинг олтин захираси қиймати 67,7 млрд долларга етди
2026 йил 1 март ҳолатига Ўзбекистоннинг олтин захиралари қиймати 67,7 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич йил бошидаги 55,1 млрд долларга нисбатан сезиларли ошган.
Марказий банк берган маълумотга кўра, шу даврда олтиннинг жисмоний ҳажми ҳам 12,6 млн трой унциядан 13,1 млн трой унцияга етган. Олтин нархининг халқаро бозорларда ошиши эса захиралар қийматининг кенгайишига сезиларли таъсир кўрсатган.
«Олтин иқтисодий ноаниқлик ва геосиёсий беқарорлик даврларида муҳим хавфсиз ва стратегик захира активи ҳисобланади. У узоқ муддатли даврда қийматини сақлаб қолувчи юқори ликвидли актив ва захираларни диверсификация қилиш воситаси бўлиб, кредит ёки контрагент таваккалчилигига эга эмас, шунингдек инфляция ва валюта қадрсизланишига қарши табиий ҳимоя воситаси сифатида хизмат қилади», – дейилади регулятор ахборотида.
Маълумот учун, трой унция – қимматбаҳо металлар (олтин, кумуш, платина, палладий) учун стандарт ўлчов бирлиги бўлиб, 31,1035 граммга тенг. У банк ишларида, заргарлик буюмлари ва фонд биржаларида қўлланилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter