Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Меҳмон ялангоёқ юрибди...»

«Меҳмон ялангоёқ юрибди...»

foto:internet ochiq manba

Газетада ишлаб юрган кезларим бир йилдан кўпроқ муддат қишлоққа боролмадим. Ишлайдиган одам шаҳарга бутун вужуди билан сингиб кетади. Ота-онам, акаларим, сингилларим, дўст-қадрдонларни, болалигим ўтган сой-сўқмоқлару дала-қирларни соғиндим, аммо ҳар ҳафта гуриллаб чиқиб, қўлма-қўл бўлиб ўқилаётган газетанинг шуҳрати бундай соғинчни писанд қилмасди.

Август ойи бошларида бир илож қилиб, йўлга тушдим. Икки кун уйимиз меҳмон-измонга тўлди. Учинчи куни эрталаб нонуштага келганларни кузатиб, ҳеч кимга айтмай қишлоғимизнинг кунчиқар томонида Қапчиғай деган жойимиз бор – ўша ердаги булоққа қараб йўл олдим. Сўқма йўл тупроғи ипакдек майин бўлиб кетган, жуда ёқимли. Туфлимни ечиб, қўлимдаги халтага солволдим. Қуёш нурида қизиган тупроқнинг тафти – жоннинг роҳати. Дадам раҳматли қизиган шудгорга ёнбошлаб ётишни, жамоа экинига сувни тараб қўйиб, ялангоёқ юришни яхши кўрардилар. Шу жойларда болалик изларим қолган-ку, дейман ўзимга ўзим. Лекин, қани ўша излар?

Қишлоқда ўсганлар учун бундай юриш – жонинг роҳати. Қарама-қарши томондан келаётган ҳамқишлоқларим билан саломлашаман.

Бир пайт, булоққа яқинлашиб қолганимда, изимдан Раҳмонжон акам ҳовлиқиб келиб қолди. «Ҳой шаҳарлик, бу нима қилганинг, қаёққа кетяпсан, жинни-пинни бўлдингми, туфлинг қани?» деди. Сўқма йўлда иссиқдан терлаб-пишиб, юзим қорайиб, ялангоёқ юрганимни кўрганлар тўғри уйимизга бориб, «Меҳмон йўлда бир ўзи, ялангоёқ юрибди, тинчликми ўзи?» дея қариндошларга танбеҳ беришибди.

Акамга тушунтирдим. Тушундилар, аммо булоқдан ҳовучлаб сув ичиб, юзимни чайганимдан кейин, «Туфлингни кий, уйга қайтамиз, сени бу ҳолда кўрганлар шаҳарда жин-пин чалиб кетибди», деб ўйлаши мумкин, дедилар.

Булоқ ёнида бир зум бўлсин думалаб ётмаганимга ҳали-ҳали афсус қиламан.

Аҳмаджон Мелибоев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг