Муҳожирликдан ўғил фарзандлик бўлиб қайтган журналист
2018 йил. Март ойи. 47 ёшда эдим. Оилада турмуш шароитимиз оғирлашгач, ишлаш учун Россия Федерациясига йўлга отландим. Енгил автомашинада. Ҳеч ким бир-биримизни танимаймиз. Орамизда 19 ёшли йигит ҳам бор. У ҳам худди менга ўхшаб, биринчи маротаба мусофирлик халтасини елкага ортиб чиқаётган экан.
Йўл олис. Манзил йироқ. Масофалар бир-бирини аямай босиб ўтади. Йўлга отланганимизнинг иккинчи кунида оёқларимиз шишиб кетган. Пойафзалга сиғмайди. Елкалар зирқирраган. Етмаганига кун совуғида машина салони печи ишламай қолганди. Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги Устюрт платосига етиб келганмиз. Бу ерда Қозоғистоннинг Самара-Шимкент автомобили йўлида ушлаб турилган, айниқса, ўзбек муҳожирларини ташувчи автобуслар сон жиҳатдан кўп эди. 4 та. Ҳар бирида камида 50 дан ортиқ эркаклар, улар орасида аёллар ва ёш болалар ҳам бор. Биз йўналаётган автоашина ҳам ўз чегарасининг посбонлари томонидан тўхтатилди. Шундоқ 4 та автобус сафидан жой олдик. Ҳар бир йўловчидан тортиб, аёллар ва болалар юклари ҳам беўхшовларча титкилаб кўрилмоқда. Кўзига яхши кўринган нимарса ёки тансиқроқ таом бўлса ҳам ишшайиб, уни «ўзиники» қилиб ола бошлашяпти. Одамлар эса индашмаяпти. Мен машинадан туриб кузатиб туряпману, уларнинг бу хатти-ҳаракати нафсониятимни қўзғатяпти. Бир жувоннинг елкасига илинган халта-қопидаги тандир нон ҳам уларнинг «ови»га илинди.
«Ҳаммасини беролмайман. Ҳали уч кунлик йўл бор. Беринг қайтариб!»-деди аёл асабийлашган кўйи ҳалиги формалик кишининг қўлидан нонларини юлқиб олмоқчи бўлиб. Формалик аканинг жаҳли тезлашди. Қошлари чимирилди. Аёлни аямай муштлаб кетди. Автобусда шовқин кўтарилди. Эркаклару ёш йигитлар аёлнинг олдига чиқишди. Формаликнинг қўлларини ушлаб, ўдағайлашди. Формалик рус тилида биғирлаб, қайнаб гапирар ва ёнига шерикларини чақирарди. Бир пасда автобусга икки нафар формалик ҳам чиқиб келди.
- Сенлар рус тилини ўрганларинг, бараны, блин! Мана, сеники нон!-ҳалиги формалик жаҳл устида ўзбекчани чалалаб гапириб, аёлнинг нонларини оёғи узра отиб юборди.
Жувон қарғай-қарғай нонларини йиғиб олди.
Нафсониятим қўзиб, ўзим ўтирган енгил автомашинадан отилиб тушдим. Бир сакраб, автобусга чиқдим. Ола-ғовурга қўшилдим. Формаликлар уч киши. Биз кўпчилик. Йигитлар формалик икки йигитни аяб-авраб, тинчланишга чақиришяпти. Мен жувоннинг нонларини оёқости қилган формаликнинг қўл тирсагидан ушлаб, судрагудек ҳолатда автобусдан олиб тушдим.
- Нима қилганинг бу эркак!
- Устюрт меники! Қўйвор қўлимни, ҳозир меники сени қамайди.
- Ўзбекча гапира оларкансан-ку, қама, қўлингдан келса! Меники сеникини ўлдиради!-дедим ўз тилида ўзини масхара қилгандек оҳангда.
- Меники отаси ўзбек! Онаси туркмен. Но, сен жавоб берасан!
- Тфу, сенга! Мусулмончиликдан қайтган кофир!-дедим жаҳлланиб.
Ҳаво совуқ. Изғирин. Йўловчилар ҳар ёқдан бунақа текшир-текширлар жонига текканини гапиришди. Формаликларни «қароқчи», «йўлтўсар» дейишди. Тўртта автобус одамлари совуққа қарамай, тўпланишди. Ким қўрққан, ким жаҳл отига минган, кимдир саросимада. Лекин, бир нарсани яширмайман: айнан ўша ерда белида ҳимоя қуроли бор фақат уч нафар формалик посбон бўлгани учун ҳам кўп сонли оломон қўлидан шунчаки чиқиб кетиш осон эмаслигини англаб етишганди. Ўзлари пасайишга мажбур бўлишди.
- Ҳей, укам, мусулмон экансан, яна айт-чи, Устюрт қандай плато?
- Меники мажбур эмас, сеникини саволига жавоб беришга!
- Унда «Устюрт- меники»лама! Устюрт - Марказий Осиёда жойлашган кенг плато, шуни биласанми? У фақат Қозоғистонники эмас. Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудлариниям қамраб олади. Устюрт платоси Қорақум ва Қизилқум чўллари ўртасида жойлашган, ғарбида Каспий денгизи бўйича чегараланади. Яна қандай маълумот керак!-безраяман ҳалиги формаликка қараб.
Шу орада кутилмаганда, яна бир нечта машинада формаликлар келиб қолишди. Сўров ва суҳбат бошланиб кетди. Мен ва бошқалар вазиятни тўла тушунтирдик.
- Недавно трагическая катастрофа на дорогах Устюрт, до сих пор вызывает печаль у многих из нас. Даже когда говорят, что больше не будет таких трагедий на этих дорогах, это всё равно влияет на отношения между государствами. Люди должны относиться друг к другу как к людям, а не как к животным! Что вы скажете о том, что этот парень бросил узбекский хлеб? Как можно оценить его поступок?-дедим кескин оҳангда журналистлигимга бориб.
- Спасибо вам. И узбекский народ тоже для нас дорог. Пусть ваши пути будут всегда хорошими!-қўлини пешонасига тиргаб, «честь» берди ҳалиги формалик киши ва ёнидагиларга қараб, йўловчи автобусларни кейинги чегара постгача хизмат машиналарида қўриқлаб бориш топшириғини берди.
Отасини ўзбек, онасини туркман, деган ҳалиги йигитни чақирди. Исми «Қўрқмас» экан.
- Примите его заявление и законно раассмотрите его действия!-деди ёнидагиларга жиддий оҳангда ва Қўрқмаснинг шерикларига ҳам ишора қилиб,- и рассмотрите вопрос обоих...
***
Устюртнинг паст тоғлик ва совуқдан қақраган қуруқ ва қурғоқчил манзилларини босиб ўтдик. Изғирин, шамол ва туман янаям «увиллайди». Туманда бизни ўз изи бўйлаб кузатиб келган Устюрт хизмат автомобиллари қизил ва кўк рангли чироқларни липиллатиб, биздан узоқлашди. Хайрлашув маъносида сигналларини чалиб-чалиб қайтишди...
- Борингизга шукур, ака, шунча одамнинг савобини олдингиз! –деди ҳайдовчи кулиб.
- Гап-сўзингиздан илмли одамга ўхшайсиз. Нима иш қиласиз, ака?-сўради бошқаси.
- Асли касбим журналист. Тилим чўрткесарлиги учун ўз соҳамда кам ишлаганман,-дедим кулиб,- аммо, ўқитувчилик қилдим. Ўрни келди чўпончилик қилдим, ўрни келди боғбонлик. Қалбан журналистман!
- Ҳа-а... Аммо, лекин, тилингизнинг чўрткесарлиги жудаям яради-да, ака. Шунча йиллардан буён қатнаб, бунақа вазиятга дуч келмаганман. Бор гап-ку! Дадиллигингизга қойил. Шахсан ўзим ҳам шу пайтгача камида бунақа вазиятларда қўйдек ювош ва жим бўлиб келганимдан уялиб кетдим..,-сўзида давом этди ҳайдовчи.
***
Москва вилоятига келиб тушдик. Юкларни олиб, хайрлашув чоғимизда, биз билан ҳамроҳ бўлиб келган ҳалиги 19 ёшли йигит секин сўради:
- Ака, мен қаёққа кетсам бўлади?
- Тушунмадим. Сени кутиб оладиган кишинг йўқми?
- Йўқ, ака!
- Яқинларинг-чи?
- «Детдом»ни тугатганман...
Юрагим изиллаб кетди. Бошқа савол бера олмадим. Ўзим ҳам танишимга илтимос қилиб, борадиган жойимга зўрға илинган бўлсам... Буёғи нима қилсам экан. Аксига, ўзим ҳам биринчи марта келаётган бўлсам...
- Қўлингдан нима иш келади?-сўрайман.
- Ўғрилик!-дейди у томдан тушган тарашадек, мениям тарашадек қотириб.
- Бу ёмон!-дейман сигаретамни тутатиб.
- Истасангиз ўғриликни ташлайман. Ваъда бераман!-дейди яна у.
Боланинг кўзларига тикиламан. Мунгли. Маъносиз.
- Биламан. Ишонмайсиз. Аммо, майли, бўлганча бўлар... Рус тилини биламан, бошим қаерга оқса, оёғим қаёққа тортса, таваккалигига ўша ёққа кетаман,-деди.
Мен яна анграйиб қолдим.
- Ака, хавотир олманг! Етимга Аллоҳ ёр!-деди кулиб.
Ўзимга келдим. Сергак тортдим.
- Менга қара, келажакда ким бўлмоқчисан?-бу вазиятда сўрашим керак бўлмаган савол оғзимдан чиқиб кетди.
- Келажакдами... келажакда ота бўламан, яхши ота бўламан!-деди қатъий.
- Исминг Раби эди-а, адашмасам...
- Ҳа!
- Юр. Балашихага кетамиз. Мени ўша ерда кутишяпти.
- У қаер?
- Москванинг йирик шаҳарларидан бири. 6 километрча узоқ масофада.
- Бўлди. Кетдик. Асли журналист экансиз-а?
- Ҳа.
- Журналистлар билимли бўлишадими?
- Унчамас!
- Мана, мени ўзингиз ҳам бормаган бир бегона шаҳарга олиб кетаяпсиз. Лекин у шаҳар ҳақида ҳеч нарсани билмайсиз?-деди болаларга хос соддалик билан.
- Оз-моз биламан.
- ...
- Балашиха – 18 асрларда тикланган шаҳар. Унинг ривожланиши асосан, тўқимачилик саноати билан боғлиқ. Кейинчалик шаҳарда тўқимачилик фабрикалари пайдо бўлган. Пехорка дарё соҳили бор: ажойиб дам олиш маскани. Голицин оиласи қасри ҳам тарихҳий аҳамиятга эга объект. Яна Балашиха парки ҳам бор, деб эшитдим.
- Шу парк яхши дам олиш маскани, десам «Болага ўхшаб, паркка айланмоқчимисан» деб устимдан кулишингиз мумкин. Шунинг учун агар Балашихага борсак, мени Пехорка соҳилига оборасизми?
- Насиб. Худо хоҳласа олиб бораман. Фақат, яхши ишласанг... ўғлим!
Раби «ўғлим» деганимдан кўнгли тўлиб кетди, чоғи, лаблари пирпиради. Ҳис-ҳаяжонини яширолмай, шундоқ белим узра маҳкам қучоқлади.
- Раҳмат!-деди-ю, бошқа сўз тополмади.
Биз Раби билан ота-бола тутиниб олдик. Балашихага келдик. Машинасозлик ва авиация саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва енгил саноат ишлаб чиқаришга иқтисодиёти юқори бу шаҳар тинч ва сокин, ўз ўрнида одамлари гавжум эди.
Бизни Балашихага чақирган танишим – Очилмамат кутиб олди.
- Айбга буюрмайсан – шеригим бор!
Очилмамат Рабига секин қаради.
- Ўрин бир кишилик, бригадир бошқа ишчи кучи сўрамаган. Аммо, сен етаклаб келибсанми, буёғини амаллаймиз!-деди кулиб Очилмамат ва Раби билан ҳам бағирлашиб кўришди.
- Қариндошингми?
- ...
- Ўғиллариман!-қўққисдан жавоб берди Раби.
Очилмамат менинг фақат қизларим борлигини билгани учун ҳам кулиб юборди ва менга зимдан айёрона иржайиб қаради.
***
Аввалига Рабини «ортиқча нонхўр» сифатида қаршилаган бригадир кейинчалик унинг ишдан қочмаслиги, меҳнатсеварлигидан мамнун бўлди. Мен Рабининг ҳақиқий отаси эмаслигимни, унинг Болалар уйида катта бўлганидан кўпчилик хабар топганди. Шунга қарамай, биз ота-болалардек яқин ва сирдош бўлиб кетдик. У ҳеч иккиланишларсиз мени «ота» дерди. 6 ойдан кўп вақт ишладик. Менинг эса бўйи етган қизларимнинг тўйини ўтказиш учун пул ишлаш мақсадида муҳожирликда юрганимдан Очилмамат хабардор эди. Шунга қарамасдан, ойлик маошларимизни тўлиқ бермас, у-буларни баҳона қиларди. Кунларнинг бирида бригадирдан меҳнат ҳақимни сўраганим ўзимга қимматга тушди. «Мен сениям, ану асранди ўғлингниям боқиб келаяпман. Шунга яраша пул оляпсанлар. 6 ойдан буён минғир-синғирларинг жонимга тегди. Истамасанг кўч-кўронингни кўтар!»-деди бригадир безбетларча.
- Сиз менинг эмас, отамнинг пулини беринг!-деди Раби жаҳл отига миниб.
Шунда бригадир Рабини бешоғизликда айблаб, унга ўдағайлади. Устига бостириб келиб, мушт туширди. Раби яна гап қайтарди. Бригадир яна зўравонлик қилишни бошлаганда, унинг қўлларини ушлаб олдим. Забардаст қўлларим билан қўлларини қайириб, дўппослашга тушдим. Очилмамат аралашди, ажрата олмади. Афсуски, мен бригадирни танобини тортаётганимда, Очилмамат қув ва пастлик қилиб, ўғли тенги бола – Рабини ҳали қурилиши тугалланмаган девор устидан итариб юборибди.
Бутун бошли қурилиш ишчилари тўпланишди. Кўз очиб юмгунча, «Тез ёрдам» машинаси етиб келди. Равбини зудлик билан касалхонага олиб кетдик. Яхшиям, Рабининг соғлигига жиддий зиён етмаган экан. Чап оёғи синган ва боши ёрилган. Воқеанинг иккинчи кунида ҳамшира Владимир Иванович деган киши мени сўраб келганини айтди.
- Кто он? Я его не узнаю!-дедим.
- Он один из руководителей строительной фирмы. По-моему, это начальник объекта, где упал ваш сын!
Тўғриси, қайсидир йирик қурилиш ташкилотида ишлаётганимизни билардим. Аммо, мен унинг раҳбарини танимас эдим ва ҳатто, исм-шарифини ҳам сўрамаган эканман. Ҳамшира билан суҳбатимиз тугамаган ҳам эди, палатанинг эшиги очилди:
- Ассалому алайкум! Можно войти? Фаррух ака, как вы? Рави, как ты? Ай-ай-ай, лежать — это плохо. Я слышал, случилось что-то неприятное. Я ценю ваш труд.
- Спасибо, Владимир Иванович! Так получилось...
- Я не прощу эту глупость. Многие недовольны бригадиром и Очилмаматом. Я всегда выплачивал зарплату рабочим вовремя.
- Мы уже около шести месяцев получаем очень низкую зарплату.
- Я об этом слышал. И я недоволен ими...
- ...
- Врачи будут хорошо заботиться о вас, и уже сегодня сам Очилмамат принесёт вам всю вашу зарплату полностью. И отцу, и сыну,-деди у кулиб.
Владимир Иванович билан суҳбатимиз анча давом этди. Касбу кор, оиламиз ҳақидаям чуқур сўради.
- У меня много друзей из Узбекистана, и я часто бываю в Узбекистане. Везде есть хорошие и плохие люди, но причинять боль своими — это самая плохая привычка,-деди у бирдан хомуш тортиб. Ва бироздан сўнг яна қувноқ кайфиятда:
- Но, Фаррух ака, всё будет хорошо. Я останусь для вас близким человеком. Ваша речь красивая и плавная на русском. Сизга катта раҳмат! Сизни кизларингиз бахт бўлсин,-деди. Владимир Иванович ўзбек тилида қийналиб, аммо мамнун кайфиятда сўзлашга ҳаракат қиларди.
Владимир Иванович ташриф қоғозини қолдириб, хайрлашиб чиқиб кетди. Орадан кўп ўтмай, палатага Очилмамат ва бригадир кириб келди. Ҳар иккаласининг ҳам тарвузи қўлтиғидан тушган эди. Бригадир ўсмоқчилаб сўз очди:
- Шунақа бўлиб қолганди... Пулларингни мен ишлатгандим!
- Бунга менинг даҳлим йўқ,-терсланди Очилмамат.
- Ўз миллатдошларингни устидан кулиш, уларга зўрлик қилиш, масхара ва мағзава тўкиш сенларга эмас! Бегона юртда бир-бирини қўллаш керак жойда, сен ва сенга ўхшаганлар ўзиникини талайди!-санчиб гапирдим нафрат билан.
- Ошириб юборма, Фаррух. Биз ҳеч кимни таламадик-ку!
- Талончиликдан баттар сенларни бу қилган ишларинг!
- Мени эмас, ҳеч бўлмаса, шу етимнинг ҳақини берларинг, деб қанча ёлвордим. Қизларимнинг бўйи етган, яхши ниятлар билан келгандим шу юртларга. Ота бўлиб, шунча вақтдан бери тузук пул жўната олмадим,-жазавага тушдим.
- Бўлди. Тушундик. Мана бу ҳамма меҳнат ҳақларинг, ўзингники ҳам, ўғлингники ҳам. Фақатгина сендан бир илтимос, дўстим. Владимир Ивановичга бир оғиз телефон қилиб, пулни тўлиқ олганинг ва уларни кечирдим, деб айтиб қўй!-зўрға сўзлади Очилмамат.
- «Дўстим», «Уларни кечирдим»! Шу сўзлар ўзингга ғалати туюлмаяптими?
- ...
- Етимниям ҳақини ортиғи билан бердик..,-деди бригадир яна баланд товушда. У ҳали гапини тугатмаган ҳам эди, Раби қизишиб кетди:
- Сенлар етим, мен етим эмасман, менинг отам бор, тушундиларингми, отам бор. Қишлоқда, Бухорода онам бор, опаларим бор, эшитдиларингми. Чиқларинг, йўқолларинг!-қичқирарди у.
Хонага ҳамширалар бостириб киришди. Бир пасда ола-ғовур бўлди. Мен Рабини қучоқлаб, уни тинчлантиришга уринардим. Бу орада бригадир билан Очилмамат қаёққа ғойиб бўлиб қолди, эътиборсиз қолдирдик...
...Кечки пайт Владимир Ивановичга қўнғироқ қилдим. Эътибор учун, тўлиқ берилган маош учун миннатдорлик билдирдим. Бироқ, бригадир ва Очилмамат ҳақида бирор оғиз сўз очмадим. У менга ишга қайтиш ва Рави тузалгунча хабар олиб туришимни айтди.
***
Рабининг тузалиб, оёққа тургунича қурилиш объектида ишлаб турдим. Бригадир ўзгарган, ёрдамчиси ҳам тошкентлик йигит эди. Маошлар ўз вақтида бериларди. Икки йилча шу қурилиш ташкилотида ишладим. Бир куни Раби олдимга келди:
- Ота, мана бу сизга! Ўғлингизнинг ошган маошидан,-деди кулиб.
Кўнглим алланечук бўлди. «Ўғлим йўқ» деб ўксимасам ҳам бўлади, дедим ичимда. Берган пулини қайтарсам ранжийди, олсам, ўзимга ноқулай. Ҳанг-манг бўлиб қолдим. Пулларни секин чўнтагимга солиб қўйдим. Қўлларимни дуога очдим. Раби яна тезда ишига қайтди.
Кунларнинг бирида Владимир Ивановичга қўнғироқ қилиб, юртга қайтишимни, тез кунларда қизимни турмушга узатишимни билдирдим. У чин дилдан табриклаб, эртасига янги бригадир орқали тўйга тўёнасини ҳам жўнатибди.
- Раби, ўғлим, мен энди юртга қайтаман!
- Опамнинг тўйигами?
- Ҳа!
- Биламан. Мени олиб кетмайсиз!
- ...
- Бу мендан опамга тўёна. Анчадан буён тўплаб юргандим..,-кўзлари ёшланди-ю, аммо, менга уни кўрсатмасликка уринди Раби.
Юрагим яна изиллади. Гунг бўлиб қолдим, соқов бўлиб қолдим. Ички оғриқ, ички ўй мени ўтдан олиб сувга, сувдан олиб ўтга ташларди. Таваккалига айтган сўзимдан негадир, ўзим енгил тортдим:
- Юкларингни ол, ота ҳам ўғлини ташлаб кетадими?
....
***
Бу орада икки йил бир-бирини тепкилаб ўтганди. Кеча қизим икки неварам билан дарвозадан кириб келди. Унинг ортидан яқинда турмушга узатилган қизим ҳам келди.
- Ота, онам қаердалар?
- Ошхонада уннаётган эди, шекилли.
- Жуда бепарвосизлар-а, қачон бундай ҳаракатни бошлайсизлар?-деди катта қизим жиддий тортиб.
- Нима, қизим, қандай ҳаракат?-сўрадим ҳайрон қолиб.
- Мана бу озроқ йиққаним, отажон. Дастурхон тугишу бир сидра кийим-кечакка етади. Тезда қайнсинглимга совчиликка боринглар,-деди катта қизим. Яхши қиз. Қўлдан чиқмасин. Раби укам ҳам унга эътиборсиз эмас!-деди қизим.
Шу пайт Раби келиб қолди. Катта опаси билан бағирлашиб кўришди. Кичик опасини ҳам қучиб кўришар экан:
- Опажон, тинчмисиз, поччам хафа қилмаяптиларми, янги оилада қийналмаяпсизми?-деди.
Ўзим сезмаган ҳолда кўзларимдан тирқираб ёш чиқди. Укасига меҳрибон опалару, опаларини еру кўкка ишонмас укадан хотиржам тортдим...
Асли касби журналист, аммо, тақдир тақозоси билан муҳожирликдаям бўлган Фаррухнинг сўзларини Лайло Ҳайитова оққа кўчирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter