Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Нега Ўзбекистон бойларининг рейтинги йўқ?

Нега Ўзбекистон бойларининг рейтинги йўқ?

Ўзбекистонда халқаро ўлчовлар бўйича бирорта миллиардер борлигидан бехабармиз...

Фото: «Xabar.uz»

Сарлавҳадаги саволга жавоб излашдан олдин кўпчилигимизнинг бадавлат инсонларга нисбатан қон-қонимизга сингиб кетган муносабатимиз ҳақида озроқ мулоҳаза юритсак.

«Улуғ ўктабр» инқилобидан кейин шитоб билан бойларни гумдон қилиш жараёни бошланди. Эплаган бойлар топган-тутганини олиб чет элларга қочиб кетишди, эплолмаган, лекин муросага киришгани мол-мулкини бериб қутулди, бўйин эгишни истамаганлари эса омади келса қулоқ, келмаса, гумдон қилинди.

Балки бу бир тўқимадир. Лекин шундай жараёнларда фаол қатнашаётган «қизил»лардан биридан бир инглиз «сизлар кимга қарши урушаяпсизлар?» деб сўраганида «бойларга қарши» деган жавобни олади. Инглиз «биз асрлар давомида бойларни кўпайтиришга уринаяпмиз. Сизлар борини йўқотаяпсизми?!» дейди ҳайратланганича.

Мустабид тузум деймиз. Бу тузум тугаганига ҳам 30 йил бўлиб қолди. Аммо ўша тузумда роса ўрганиб олган айрим одатларимиздан ҳеч воз кеча қолгимиз келмайди. Шулардан бири бадавлат одамларга ҳавас билан қараш йўқлиги, дарров ҳасад, ғийбат, кўролмасликни қориштириб ташлашимиздир.

Албатта, ҳамма ҳам бундай эмас. Лекин ҳар биримизнинг (гарчи ўзимизни ундай инсон ҳисобламасак-да) айнан шундай танишларимиз талайгина эмасми?

АҚШда ишловчи бир ҳамюртимиз шундай деганди: «Албатта, бу давлатнинг тараққиётига, дунёда етакчига айланишига кўплаб омиллар сабаб бўлган. Лекин мен шулар орасидан биттасини айтмоқчиман ва айнан шу хислат бизда камроқдек. Бу давлат аҳолиси ҳасад нималигини билмайди. Ҳар қадамда миллионер, ҳар шаҳарда миллиардер. Лекин ҳеч кимнинг ҳеч ким билан иши йўқ. Ҳамма ўз ҳаёти билан яшайди ва оиласи равнақи йўлида тинмай ишлайди».

Хўш, биз — ўзимизни бағрикенг, танти деб алқаб юрувчи юртдошлар, нега бунчалар ҳасадни ошно билганмиз? Ахир динимиз ҳам, урфларимиз ҳам, авлоддан авлодга ўтиб келаётган одобимиз ҳам бу иллатни фақат қоралайди-ку.

Бунинг бир неча сабабларини санаб ўтиш мумкин:

  1. Биз ўзимиз эриша олмайдиган даражага чиқа олганларни ҳеч қачон кўра олмаймиз. Аслида улардан ўрнак олишимиз керак. Лекин биз осонроқ, ўзимизга ҳам таскин берадиган йўлдан кетамиз ва давлатмандларни ҳасад ўқларига нишон қиламиз.
  2. Олдинги тузум «йиғлаганга ҳам бир чалпак, йиғламаганга ҳам» тизимида ишлагани учун бизнинг қон-қонимизга «инсон ўзгалардан бойлик жиҳатидан ажралиб турмаслиги керак» деган тушунча сингиб кетган. Шунинг учун ўзимиз интилмаганимиз камлик қилгандай интилганни ҳам хушлайвермаймиз.
  3. Деярли ҳаммамиз бизнинг шароитда ҳалол йўл билан бойлик орттириш мумкин эмас деб ҳисоблаймиз. Наздимизда ҳамма бойлар фақат эгри йўллар билан давлат орттирган ва уларнинг барчаси ижобий хислат эгалари эмас, қисқаси ёмон кўрса арзийди.
  4. Фикримизча, бой бойми, албатта топгани билан бўлишиши лозим. Бу унинг ихтиёри, истаса қилиши мумкинлигини қабул қилмаймиз. Шунча ночорлар туриб, инсон бадавлат бўлишга маънан ҳаққи йўқ. Булгаков қаҳрамони, кучукдан яралган чала инсон — Шариков айтганидай «Олиш керак, бўлиш керак. Тамом!» (русчасига «взять и поделить»).
  5. Энг қизиғи, ўзимиз шу бойга яқинлашиб олсак, қариндошимиз бўлса ёки қариндош киришсак, энди ундан яхши одам йўқ — фойдаси тегиши мумкин-да. Фахрланиб юрамиз, гап орасида алоқаларимизни қистириб ўтамиз, ўрни келса-келмаса салом-аликни қуюқ қиламиз.

Нега шунақа?! Нима учун моддий фаровонликка эришганларга ола қарашдан ҳеч воз кеча олмаяпмиз? Ахир янги ғоялар киритган, тадбиркорлиги, ташаббускорлиги билан маълум марраларни забт этган инсонларнинг камбағал ва ночор яшаши ақлга сиғмайди-ку. Биз ҳам улар билмайдиган, аммо ўзимизнинг ич-этимизни ейдиган ҳасадни бир четга суриб, бадавлат бўлишга интилганимиз яхши эмасми?

Сарлавҳага жавоб ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлди шекилли. Дунёнинг деярли барча давлатларида энг бадавлат инсонларнинг рейтинги тузилади ва уларнинг ҳар бири қанча бойликка эга эканлиги эълон қилиб борилади. Кўпчиликни қизиқтирадиган бу маълумотларнинг шаффофлиги шубҳа туғдирмайди ва керак бўлса ўша бойларнинг ўзи рейтинг тузувчиларни ахборот билан таъминлаб туришади.

Аммо биз истисно ўрнидамиз. Ўзбекистонда халқаро ўлчовлар бўйича бирорта миллиардер борлигидан бехабармиз. Миллиардернику қўйинг, шунча бойлиги борлигига кўпчилигимиз шубҳа қилмайдиган миллионерлар ҳам бу тамғани ўзларига ёпиштиришдан, тан олишдан ҳайиқишади. Чунки улар яхши билишади — ўқдек нигоҳларни қадаб турган кўзлар бор!

Аксариятимизнинг феъл-атворимизга сингиб кетган бу одатдан воз кечиб, ўзимиз учун енг шимариш вақти аллақачон келган. Умр ўтмоқда ахир...

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг