Нобуд бўлган ҳайвонлар жасадини кремация қилиш тартиби жорий этилиши мумкин
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан нобуд бўлган ҳайвонлар жасадини кремация қилиш тартибини белгилашга қаратилган идоравий буйруқ лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳага кўра, касаллик, бахтсиз ҳодиса ёки бошқа сабаблар оқибатида ўлган ҳайвонлар жасадини санитария, ветеринария ва экологик хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда махсус крематорийларда ёқиш тартиби жорий этилади.
Ҳужжатда ҳайвон жасадларини маиший чиқиндилар контейнерларига, сув ҳавзаларига ёки бошқа белгиланмаган жойларга ташлаш ва кўмиш тақиқланиши белгиланган.
Шунингдек, нобуд бўлган ҳайвон жасадлари махсус ёпиқ контейнерларда ташилиши, вақтинча сақлаш жойларида эса санитария талабларига қатъий амал қилиниши кўзда тутилмоқда.
Лойиҳага мувофиқ, юқумли касалликлар билан касалланган ёки ўлим сабаби аниқланмаган ҳайвонлар жасади фақат махсус крематорийларда 800–1200 даража ҳароратда ёқилиши шарт бўлади.
Бундан ташқари, ҳайвон жасадлари билан ишловчи ходимларни махсус ҳимоя воситалари билан таъминлаш, кремациядан кейин дезинфекция ишларини амалга ошириш ҳамда жараён устидан ветеринария ва экология органлари назоратини кучайтириш режалаштирилган.
Ҳужжат лойиҳаси ҳозирча муҳокама босқичида.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter