Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Оғир жиноятда айбланиб, сўнг оқланган тарихчи олим Андрей Кубатин қамоқхонага тушган кунларини эслади

Оғир жиноятда айбланиб, сўнг оқланган тарихчи олим Андрей Кубатин қамоқхонага тушган кунларини эслади

Тарихчи олим, туркий халқлар тарихига оид учта монография ва саксондан ортиқ илмий мақолалар муаллифи Адрей Кубатин 2017 йилда Жиноят кодексининг 157-моддаси, яъни давлатга хоинлик қилишда айбланиб, 11 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Бунга бир кишининг ҳуқуқ-тартибот органларига йўллаган туҳмат хати сабаб бўлган, дейилади ЎзАда эълон қилинган мақолада.

Олим ўзининг айбсизлигини исботлаш учун 2,5 йил курашди. Ниҳоят 2019 йил сентябрь ойида у тўлиқ реабилитация қилиниб, оқланди.

Қайд этилишича, бундай оғир жиноят билан айбланган ва жазо муддатини ўтаётганда оқланган ягона инсон — Андрей Кубатиндир.

Ҳозирги кунда А.Кубатин аввал ўзи ишлаган Тошкент Давлат Шарқшунослик институти катта ўқитувчиси лавозимига қайта тикланди.

А.Кубатин Марказий Осиё тарихига оид адабиётларни хорижлик олимларига бергани учун уни давлат сирига алоқадор ҳужжатларни ошкор қилишда айблашди. Ваҳоланки, у берган илмий адабиётлар интернетдаги очиқ маълумотлар базаларида ҳам мавжуд эди.

– Аввалига менга ҳеч ким қулоқ солишни ҳам истамади, – дейди А.Кубатин– Шу тариқа кунлар, ойлар йилларга уланиб кетди. Лекин айбсизлигимни исботлаш учун курашдан бир лаҳза ҳам тўхтамадим.

Унга қўйилган айб – энг оғир жиноятлардан бўлиб, бундайларга хавфли шахс сифатида қаралган. Илгари бундай шахсларнинг жазо муддати тугагач ҳам турли баҳоналар билан жазо муддати чўзиб борилган. Уни аввалига эшитишмаганининг сабаби ҳам шунда.

– Қамоқхонага тушган кунларим маҳбусга умуман одам сифатида қаралмаслигига гувоҳ бўлдим, – дейди Андрей. – Омадим бор эканки, сал ўтмай, ушбу тизимда, суд-ҳуқуқ соҳасида, айниқса, хавфсизлик хизматида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан муҳим ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Жазони ижро этиш муассасасидаёқ бунинг натижаси яққол сезилди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг маҳкумлар билан учрашувлари йўлга қўйилди. Шу тариқа мени эшитадиган одамларни топишга муваффақ бўлдим. Омбудсман вакиллари келганида мурожаатимни уларга топширдим. Давлатимиз раҳбари томонидан мансабдор шахсларнинг халқ билан мулоқоти йўлга қўйилгани туфайли оила аъзоларим Президент давлат маслаҳатчиси, Бош прокурор билан учрашиш ва мен ҳақимда маълум қилиш имконига эга бўлди. Мана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида ишим судда қайта кўриб чиқилди. Тўғрисини айтсам, ислоҳотлар бўлмаганида оқланишим даргумон эди.

Бу жараёнда дунё олимлари ҳамжамияти, жамоатчилик ҳам ўзбек олимининг тақдирига бефарқ бўлмади. Уни озод қилишга оид мурожаатлар, чақириқлар янгради.

Ниҳоят, 2019 йил 26 сентябрда А.Кубатин Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди аппеляция инстанциясида реабилитация қилинди ва суд залидан озодликка чиқарилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг