Отабек Муродов Қозоғистон Бош прокурори билан учрашди
Қозоғистон Республикаси Бош прокуратурасининг таклифига биноан Бош прокурор бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси делегацияси жорий йилнинг 5 декабрь куни Қозоғистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан ташкиллаштирилган «Минтақавий ҳамкорликни мустахкамлаш ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги сай-ҳаракатларни мувофиқлаштириш» мавзусидаги юқори даражадаги конференция доирасида амалга оширилди.
Ташриф давомида Қозоғистон Республикаси Бош прокурори К.Кожамжаров билан икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат прокуратура органлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни самарали ва тезкор таъминлаш мақсадида маҳкумларни ўтказиш тўғрисида икки томонлама Шартнома тузиш ҳамда ёпиқ электрон алоқа каналини жорий этиш масалалари, шунингдек экстрадиция, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни қайтариш масалалари мухокама қилинди. Терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қозоғистон Республикаси Бош прокурори Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини яқинлашиб келаётган давлат байрами – Ўзбекистон Конституцияси куни билан табриклаб, Ўзбекистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Қозоғистон Республикаси прокуратура органларининг «Халқаро ҳамкорликни мустахкамлагани учун» эсдалик медали билан тақдирланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter