Овчилик гувоҳномасини олиш учун ўқув курсларида ўқитиш тартиби белгиланди
Адлия вазирлиги Овчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларни ўқув курсларида ўқитиш тартиби тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди. Янги тартибга мувофиқ, овчилик гувоҳномасини олиш учун номзодлар мажбурий ўқув курсларини ўташлари лозим.
Низомга кўра, ўқув машғулотлари Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги «Экоҳудуд ва овчиликни ривожлантириш департаменти» давлат муассасаси ёки у билан шартнома тузган таълим муассасалари томонидан ташкил этилади.
Талабгорлар 10 соатлик ўқув дастурини аудиторияда ёки масофавий таълим шаклида ўзлаштириши мумкин.
Талабгорлар йил давомида электрон ёки ёзма шаклда ариза топшириш ҳуқуқига эга. Ўқув жараёни 20–30 нафардан ошмайдиган академик гуруҳларда ташкил этилади.
Машғулотлар маъруза ва семинар кўринишида ўтказилади. Ҳар бир дарснинг давомийлиги 80 дақиқани ташкил этади.
Ўқув курслари якунида комиссия томонидан тест синови ўтказилади. Имтиҳон 100 баллик тизим асосида баҳоланади ва камида 70 фоиз натижа қайд этган тингловчиларга сертификат берилади.
Янги тартиб 2026 йил 3 августдан кучга киради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter