Ўзбекистон ва Италия ўртасида халқаро меморандум имзоланди
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги “Давлат экологик экспертизаси маркази”давлат муассасаси ҳамда Халқаро экологик таъсирни баҳолаш ассоциацияси (IAIA, Italiya офиси) ўртасида атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тизимига сунъий интеллектни жорий этиш ва салоҳиятни ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат мамлакатимиз экологик экспертиза ва атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тизимига замонавий рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект ечимларини изчил жорий этиш йўлидаги муҳим қадамдир. Маросимда Давлат экологик экспертизаси маркази Бош директори Ғ.Мухамедов ва Халқаро экологик таъсирни баҳолаш ассоциацияси Италия офиси президенти J.Magro, Италия Экология ва энергетика вазирлиги, ЕХҲТ вакиллари иштирок этди.
Меморандум IAIA томонидан илгари сурилаётган, сунъий интеллектдан фойдаланишга асосланган халқаро“Permitting 5.0” концепцияси ва Экологик бошқарув платформаси (Environmental Governance Platform – EGP) доирасида амалга оширилмоқда. Ушбу тизим атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш жараёнларининг шаффофлиги, сифати ва самарадорлигини халқаро стандартлар даражасига кўтаришни мақсад қилган.
Меморандум доирасида ҳамкорликнинг қуйидаги устувор йўналишлари белгилаб олинди:
- Марказнинг мавжуд рақамли тизимига сунъий интеллект воситаларини интеграция қилиш орқали экологик материалларни таҳлил қилиш, лойиҳаларни дастлабки баҳолаш ва кумулятив таъсирларни прогнозлашни автоматлаштириш;
- Экологик экспертиза соҳасида энг янги технологик ечимларни синовдан ўтказиш учун махсус пилот ташаббусларини йўлга қўйиш;
- Сунъий интеллектни экологик баҳолаш жараёнига тадбиқ этиш бўйича халқаро тажриба асосида миллий методология ва қўлланмалар яратиш;
- Давлат экологик экспертизаси маркази мутахассислари учун рақамли технологиялар ва ИТ йўналишида халқаро тренинг, вебинар ва хорижий малака оширишлар ташкил этиш.
Меморандум 5 йил муддатга имзоланган бўлиб, томонларнинг соҳадаги узоқ муддатли стратегик мақсадлари муштараклигини англатади. Ушбу ташаббус Ўзбекистонда “Яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида инвестициявий муҳит жозибадорлиги ва халқаро ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter