Ўзбекистон вакили COOMET президенти лавозимига қайта сайланди
Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган COOMET - Евроосиё мамлакатлари миллий метрология муассасалари қўмитасининг 38-йиғилиши Ўзбекистон учун муҳим халқаро натижа билан якунланди. Овоз бериш якунларига кўра, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори ўринбосари Лазизбек Саидорипов COOMET президенти лавозимига кетма-кет иккинчи муддатга сайланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Ўзбекистон Миллий метрология институти матбуот хизмати раҳбари Севара Туляганова маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, мазкур қарор Ўзбекистоннинг халқаро метрология майдонидаги нуфузи ортиб бораётгани ҳамда мамлакат ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётганининг яна бир тасдиғидир.
1991 йилда ташкил этилган COOMET Евроосиё давлатлари метрология муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштирувчи нуфузли ташкилот ҳисобланади. Илгари унинг президенти лавозимига Польша, Россия, Словакия, Украина, Беларусь ва Қозоғистон вакиллари сайланишган. 2024 йилда эса тарихда илк бор Ўзбекистон вакили ушбу ташкилотга раҳбар этиб сайланган.
- Бу қарор Ўзбекистоннинг халқаро метрология майдонидаги нуфузи тобора мустаҳкамланиб бораётганини, мамлакатимиз томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ва самарали ҳамкорлик халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланаётганини яна бир бор тасдиқлади. 2026 йилги сайловларда ҳам яна шу номзоднинг қайта сайланиши мамлакатимиз мутахассисларига бўлган ишончнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди,-дейди Севара Туляганова.
Мутахассислар фикрича, COOMET доирасидаги раҳбарлик Ўзбекистоннинг халқаро метрология тизимидаги ўрнини мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Йиғилиш доирасида яна бир қатор ўзбекистонлик мутахассислар ҳам масъул лавозимларга сайланган. Жумладан, Азамат Таубалдиев «Ионлаштирувчи нурланишлар ва радиоактивлик» техник қўмитаси раиси, Алишер Ботиров эса «Сарф ўлчаш» ишчи гуруҳи раиси этиб тасдиқланган.
Бу қарорлар ўзбекистонлик метрологларнинг юқори малакаси ва халқаро майдондаги нуфузининг амалий эътирофи сифатида баҳоланмоқда.
Маълумот ўрнида: COOMET қўмитасининг навбатдаги йиғилиши 2027 йилда Қозоғистонда ўтказилиши режалаштирилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter