Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонга энг кўп россияликлар кўчиб келмоқда

Ўзбекистонга энг кўп россияликлар кўчиб келмоқда

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ–март ойларида Ўзбекистонга 721 нафар хориж фуқароси доимий яшаш мақсадида кўчиб келган. Бу даврда мамлакатга энг кўп мигрант Россиядан келган.

Статистикага кўра, доимий яшаш учун кўчиб келганларнинг 34,1 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади. Кейинги ўринларда Қозоғистон — 19,7 фоиз ва Тожикистон — 12,2 фоиз билан қайд этилган.

Шунингдек, Қирғизистондан келганлар улуши 4,9 фоизни, Туркманистондан келганлар эса 3,7 фоизни ташкил этган. Қолган 25,4 фоиз бошқа давлатлар ҳиссасига тўғри келади.

Ҳудудлар кесимида доимий яшаш учун келганлар сони бўйича Тошкент шаҳри етакчилик қилди. Уч ой давомида пойтахтга 454 нафар хорижлик кўчиб келган. Бу умумий кўрсаткичнинг ярмидан кўпроғини ташкил этади.

Иккинчи ўринда Тошкент вилояти қайд этилди. Ҳудудга 126 нафар киши доимий яшаш мақсадида келган.

Қорақалпоғистон Республикасида бу кўрсаткич 56 нафарни ташкил этган. Самарқанд вилоятида 14 нафар, Фарғона ва Хоразм вилоятларида эса 11 нафардан хорижлик доимий яшаш учун рўйхатдан ўтган.

Сирдарё вилоятида 10 нафар, Навоий вилоятида 9 нафар ва Бухоро вилоятида 8 нафар кўчиб келганлар қайд этилган. Андижон вилоятига 6 нафар, Жиззах, Наманган ва Сурхондарё вилоятларига 5 нафардан хорижлик кўчиб келгани келтирилган.

Қашқадарё вилояти эса энг паст кўрсаткичлардан бирини қайд этди. Ушбу ҳудудга уч ойда атиги бир нафар хориж фуқароси доимий яшаш учун келган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг