Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ўзгидромет»: январ ойида тоғларда қалин қор қоплами шаклланди

«Ўзгидромет»: январ ойида тоғларда қалин қор қоплами шаклланди

Фото: Xabar.uz

«Ўзгидромет» якунланган январ ойидаги об-ҳаво таҳлилини эълон қилди. 

Ушбу йилда январ ойи нисбатан илиқ бўлди. Республика ҳудудининг катта қисмида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан 1,2-2,4 даражага юқори бўлиб, Фарғона водийси вилоятларида, республика жанубида баъзи жойларда меъёрга яқин бўлиши кузатилди. 

Январ ойида ҳарорат фони нотекис бўлиши қайд этилди биринчи ярмида ҳаво ҳароратининг меъёрдан ўртача оғиши 2-4 даража илиқни ташкил этди, энг илиқ кунларда эса 7-10 даража илиққача етди. 

Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ушбу даврда асосан қуруқ об-ҳаво кузатилди. Фақат республиканинг айрим ҳудудларида бироз қисқа муддатли ёмғирлар ёғиши (1-2 та ҳолат) қайд этилди. Ойнинг иккинчи ярмида об-ҳаво шароити кескин ўзгарди. 

16 январдан республика ҳудудига нам ва совуқ ҳаво массалари кириб келди ва кейинчалик республика ҳудуди бўйича бир неча совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши (23-24 январ ва 28-29 январ) кузатилди. 

Энг совуқ кечаларда ҳаво ҳарорати 6-11 даража совуққача, республиканинг шимолий ҳудудларида 13-18 даража совуққача, Устюртда баъзи жойларда 21-24 даража совуққача пасайди. 

Айрим кунларда эса максимал ҳаво ҳарорати 3 даража совуқ-2 даража илиқ, республика шимолида 5-7 даража совуқни ташкил этди. 

Совуқ ҳаво кириб келиши бир қатор ёғингарчилик (ёмғир қорга айланди) билан қайд этилди, шимолда ва тоғли ҳудудларда эса асосан қор кўринишида кузатилди. 

16 январда Навоий, Самарқанд, Жиззах вилоятларида, Тошкент, Қашқадарё вилоятларининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида ёғингарилик кучли бир кеча-кундузда 15 мм дан 23 мм гача бўлди. Арнасой кўли ҳудудида бир кеча-кундузда 33-35 мм ёғингарчилик қайд этилди, бу ушбу ҳудуд учун деярли ойлик меъёрни ташкил этади. 

22 январда ва 23 январга ўтар кечаси ёғингарчилик асосан қор кўринишида ёғди ва Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида сезиларли даражада бўлиб, бунда ёғингарчилик миқдори 15-31 мм га етди. Сурхондарё вилоятида айрим жойларда 22 январь куни бир кеча-кундузда ёғган ёғингарчилик ойлик меъёрдан 50-56% гача бўлиши қайд этилди. 

Кучли ёғингарчилик (ёмғир қорга айланди), шунингдек, 25 ва 28 январ кунлари Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида ҳам кузатилди.  Республика ҳудудининг катта қисмида январь ойда ёғингарчилик меъёр атрофида бўлди. Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида баъзи жойларда бир ойда ёғингарчилик ойлик меъёрдан 1,8-2,6 марта кўп бўлди. 

 Фарғона водийси энг қуруқ ҳудуд бўлиб, у ерда ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан 20-65% ни ташкил этди. 

 Қор кўринишидаги ёғингарчиликдан сўнг ойнинг иккинчи ярмида Ўзбекистоннинг текислик ҳудуди бўйича баландлиги 1 см дан 10 см гача бўлган қор қоплами ҳосил бўлди. Қор қопламининг максимал баландлиги (13-25 см) 22-23 январь кунлари Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида, Навоий вилояти шимолида кузатилди. 

Январ ойининг охирига қор қоплами Қорақалпоғистон Республикасида, Тошкент вилоятининг кўпчилик туманларида, Самарқанд вилоятининг баъзи жойларида, Қизилқумнинг марказий ва шарқий ҳудудларида сақланиб турди. Қор қопламининг баландлиги 1-10 см ни, баъзи жойларда 13-20 см ни ташкил этди. 

Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида ой давомида қор қоплами тўпланиши давом этди. Ой охирига тоғларда қор захираси меъёрдан 70-121% ни, Дукант МС ҳудудида меъёрдан 140% ни ташкил этди. 

Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13-18 м/с гача, айрим кунларда баъзида 22-24 м/с гача кучайди. Январь ойида тез-тез туманлар кузатилди, кўринувчанлик 50-500 гача ёмонлашди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг