Президент Администрациясининг собиқ раҳбари ўтказган йиғилишда ишдан олинган ҳоким янги лавозимга қайтди
Шерали Йўлдошев Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Бошқарма бошлиғи мақоми вилоят ҳокими ўринбосарига тенглаштирилган.
Эътиборлиси, Президент Администрациясининг собиқ раҳбари Сардор Умурзоқов раислигида 2022 йили ўтказилган видеоселектор йиғилишида ўша вақтда Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокими вазифасида ишлаган Шерали Йўлдошев қаттиқ танқид қилиниб, ишдан олинганди.
Йиғилишда унинг янги ҳокимлик вазифасига келганига қарамай, ўзини тўраларча тутгани ҳамда ўтган йил 23 август куни берилган вазифаларни ўз вақтида бажарилмаганини рўкач қилиб, туман ҳокимлиги Девонхона бўлими мутахассисига жисмоний куч ишлатгани айтилганди.
– Ким сизга рухсат берди?! Ўзингизга, вилоятингизга ва бутун давлат тизимига иснод келтирдингиз! Ҳар бир айтган ҳақоратомуз гапларингизнинг аудиолари турибди. Ачинарлиси, ҳурматли Президентимиз ҳам шуларни эшитиб жуда ҳам қаттиқ ранжидилар. Давлатимиз раҳбари қарор қабул қилдилар: сиз ҳокимлик даражасига муносиб эмассиз! Залдан чиқиб кетинг! Гувоҳномасини олиб қўйинглар! – деган Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташкил этилгани, унинг раиси этиб Қаҳрамон Қуронбоев сайлангани ва унинг мақоми Бош вазир ўринбосарига тенглаштирилгани хабар қилинганди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter