Президент раислигидаги йиғилиш танқидий руҳда бошланди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши танқидий руҳда бошланди.
«Бу муаммоларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида хавфли. Лекин улар бир бўлиб ҳаракат қилаётгани янада жиддий таҳдидни юзага келтиради», — деди Президент.
Маълумот берилишича, сўнгги тўққиз йилда пойтахтнинг доимий аҳолиси 1 миллионга кўпайди, транспорт воситалари 2 карра ортиб, 800 мингга етди. Кунига яна 1 миллион одам келади, 350 минг транспорт кириб-чиқади.
42 та мактаб, 426 та боғча, қарийб 36 миллион квадрат метр савдо объекти ва 145 минг хонадонли уй-жой қурилди. Пойтахт иқтисодиёти 367 триллион сўмдан, унинг жон бошига йиллик ҳажми эса 116 миллион сўмдан ошди.
Яъни Тошкент шаҳри нафақат вазирликлар жойлашган маъмурий ҳудуд, балки республиканинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий маркази сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлади. Бир сўз билан айтганда, пойтахтда иқтисодий ривожланиш даражаси сезиларли ошди.
Қаерда ҳаёт сифати яхшиланса, даромад кўпайса, ўша ерда «енгил пул топиш» ҳаракатида бўлган жиноий тузилмалар ҳам фаоллашади. Жиноятнинг янги усул ва воситалари ҳам, энг аввало, шу ерда пайдо бўлади.
«Лекин ҳуқуқ-тартибот тизими пойтахтдаги янгиликларга мос ишлаяптими? Афсуски, йўқ», — деди давлатимиз раҳбари.
Пойтахтнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари — прокурор вазифасини бажарувчи А.Ўрмонов, ички ишлар (Султонхўжаев), департамент (биринчи ўринбосар Кенжаев), хавфсизлик (Берлибоев), гвардия (Ортиқов), суд (Исмоилов), адлия (биринчи ўринбосар Назаров), божхона (Саидов), солиқ раҳбари (Насимжонов) республикага намуна бўлмаяпти. Бунинг учун пойтахтда ресурс ҳам, куч-воситалар ҳам, илмий салоҳият ҳам етарли бўлишига қарамасдан, ҳалигача эски «қолип»дан чиқиб кета олмаётгани танқид қилинди.
Бу йил «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили», деб номланди. Ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда асосий бўғин — маҳалла профилактикаси. Лекин Тошкент шаҳридаги профилактика хизматларининг иши тўғри ташкил этилмагани учун муаммолар тўпланиб қолгани қайд этилди.
Ички ишлар бошлиқлари профилактика инспекторларини эрталаб соат еттида ва кечқурун ўнда йиғиб, соатлаб йиғин ўтказади. Улар ҳуқуқбузарлик билан ишлаш ўрнига коммунал қарздорлик ва алимент ундириш, армияга юбориш ва бошқа жамоат ишларига ҳам жалб қилиняпти.
«Оқибатда уларни маҳалладан топиб бўлмайди. Бир нечта маҳаллага ўзим одам юбордим. Кўпи иш жойида йўқ ёки бошқа ишни қилиб юрибди», — деди Шавкат Мирзиёев.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter