Президент: Сергелида аҳоли кўпайган, инфратузилмани шунга мос ривожлантириш зарур
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳри, хусусан, Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди.
Йиғилишда сўнгги йилларда Сергели туманида амалга оширилган кенг кўламли ўзгаришлар қайд этилди. Таъкидланишича, ўтган ўн йилда туманда 30 минг хонадонли янги уй-жойлар, умумий майдони 2 миллион квадрат метр бўлган саноат, савдо ва сервис объектлари барпо этилди. Тадбиркорлар сони 2,5 мингдан 6,2 мингга, бюджет тушумлари эса 382 миллиард сўмдан 2,2 триллион сўмга етди.
Шунингдек, 9 километрлик янги метро линияси ва йўл қурилди, мактаб ўринлари 38,5 мингга, боғча ўринлари 15,5 мингга етказилди, 50 та давлат ва хусусий клиника ишга туширилди.
Президент аҳолини хатловдан ўтказиш натижаларига ҳам тўхталиб, аввал 181 минг деб ҳисобланган Сергели аҳолиси аслида қарийб 236 минг нафар экани аниқланганини қайд этди. Яқин йилларда бу кўрсаткич 300 мингдан ошиб кетиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан мутасаддиларга уй-жой, мактаб, боғча, поликлиника ва иш ўринлари сонини аҳоли ўсишига мос равишда кўпайтириш бўйича аниқ дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилишда жорий йил Сергели туманини ривожлантириш учун бюджетдан 173 миллиард сўм ва банклар орқали 2,2 триллион сўм ресурс ажратилгани қайд этилди. Шунингдек, йил якунига қадар яна 750 миллион доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилгани маълум қилинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter