Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент тил байрами муносабати билан табрик йўллади

Президент тил байрами муносабати билан табрик йўллади

Фото: Президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 октябр - Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан табрик йўллади. 

«Бугунги кунда юртимизда давлат тилини ривожлантириш, унинг нуфузи ва мавқеини ошириш, халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга қаратилган катта ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, кейинги йилларда кўплаб идоравий ҳужжатлар давлат тилига ўтказилди, 100 мингдан ортиқ географик объектнинг номи давлат реестрига киритилди, ҳудудлардаги 150 мингдан зиёд ташқи ёзувлар давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштирилди.

Янги пайдо бўлаётган замонавий тушунчаларга ном бериш, сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритишни тизимли йўлга қўйиш учун Атамалар комиссиясининг фаолияти тубдан такомиллаштирилди, бу борада аниқ илмий мезонлар ишлаб чиқилди. 

Ўтган йилдан эътиборан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тизими яратилгани тегишли ҳужжатларнинг давлат тили талабларига мос ва услубий жиҳатдан пухта тайёрланишига хизмат қилмоқда.

Раҳбарлик лавозимларига номзодларнинг ўзбек тили бўйича билим даражасини аниқлаш мақсадида миллий тест тизими жорий этилиб, қисқа вақт ичида 3 мингдан зиёд талабгорнинг қарийб 1 минг 500 нафарига давлат тилини билиш бўйича сертификатлар берилди.

Давлат тили асосларини чуқур ва атрофлича ўрганишни таъминлаш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси томонидан 58 номдаги қомус, луғат ва қўлланмалар кўп минг нусхаларда чоп этилди», дейилади президент табригида.

Ўтган даврда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида турли ташкилот ва идораларда меҳнат қилаётган 33 мингдан ортиқ ходим ўқитилди. 

«Аввало, юксак тараққий этган демократик давлатларда бўлгани каби давлат тили бутун жамиятни, тили ва миллатидан қатъи назар, барча фуқароларни ягона халқ сифатида бирлаштиришга хизмат қилиши зарур. Бу борада ҳар қандай халқ учун ўта ҳассос ва таъсирчан бўлган тил масаласида ортиқча эҳтирос ва ҳиссиётларга берилмасдан, узоқни ўйлаб, вазминлик билан иш тутиш кераклигини ҳаммамиз яхши англаймиз.

Телерадиоканаллар ва интернет сайтларида давлат тилини ўрганишга ёрдам берадиган дастурларнинг сони ва эфир вақтларини кўпайтириш, мустақил тил ўрганувчилар учун қўшимча адабиётлар, луғат ва қўлланмалар нашр этиш доимий эътиборимиз марказида бўлади.

Рақамли маконда давлат тилини кенг жорий этишга мўлжалланган ишларни янги босқичга кўтариш, ўзбек тилини ахборот технологиялари соҳасидаги йирик дастурлар тили қаторига киритиш чораларини кўриш ҳам долзарб вазифамиз бўлиб қолади», дейилади давлат раҳбари табригида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг