Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент Тошкент шаҳридаги «Янгиҳаёт» индустриал технопаркида бўлди (фото)

Президент Тошкент шаҳридаги «Янгиҳаёт» индустриал технопаркида бўлди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги «Янгиҳаёт» индустриал технопарки фаолияти билан танишди

Янгиҳаёт туманида 184 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Сўнгги йилларда кўплаб янги уйлар қурилиб, оилалар кўчиб келди. Улар учун шу яқин атрофда иш ўринлари ташкил этишга ҳаракат қилинмоқда.

Президентимизнинг 2021 йил 4 февралдаги қарори асосида барпо этилган «Янгиҳаёт» технопарки шу мақсадга қаратилган. Шавкат Мирзиёев 2022 йилда қурилиш майдони ва бўлажак лойиҳалар билан танишган эди. Технопарк учун 110 гектар майдон ажратилган. Ҳозир бу ерда 101 миллион долларлик 8 та корхона ишга туширилган, 520 та иш ўрни яратилган.

Давлатимиз раҳбари уларнинг айримларини кўздан кечирди.

Масалан, «Алмерро Груп» масъулияти чекланган жамиятида «Krember» бренди остида қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бунинг учун 3 гектар ер ажратилган, 22 миллион доллар йўналтирган. Италия, Испания ва Туркия давлатларидан келтирилган илғор технология ўрнатилган. Корхонада йилига 320 миллиард сўмлик 80 турдаги қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Маҳсулотларнинг 15-20 фоизи Хитой ва МДҲ давлатларига экспорт қилинади.

Қиймати 21 миллион долларлик «Vera Modern Elektrical» корхонаси 600 турдаги кабель ва сим маҳсулотлари ишлаб чиқарилиш, 4 миллион долларлик экспорт қувватига эга. Муҳими, маҳсулотларнинг 35-40 фоизи импорт ўрнини босади ҳамда маҳаллийлаштириш даражаси 70 фоизга етказилади.

Давлатимиз раҳбари корхоналар маҳсулотларини кўздан кечирди.

«Кейинги йилларда тадбиркорларга яратилган шароитлар бугун ўз натижасини беряпти. Ўзимизнинг ишбилармонлар мана шундай кўп хилда ва юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқараяпти. Бу имкониятларни ҳар йили кенгайтириб борамиз. Чунки тадбиркор иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи», — деди Президент.

Шавкат Мирзиёев ишлаб чиқариш фаолияти учун тайёр бино-иншоотлар қуриш лойиҳаси билан ҳам танишди. Технопарк ичида «Mimar Group» компанияси томонидан икки қаватли мажмуа қурилиб, кичик корхоналар ва ҳунармандларга муддатли тўлов асосида сотилмоқда. Уларнинг ҳар бирида алоҳида ишлаб чиқариш ва кўргазма майдонлари бўлади. 

Бугунги кунда шундай биноларда умумий қиймати 3 миллион долларлик 4 та лойиҳа — эшик-ромлар, тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш учун профиллар ва қуёш панеллари корхоналари иш бошлаган.

Президентимизга технопаркдаги режалар бўйича маълумот берилди. Жумладан, қурилиш материаллари, электротехника, логистика ва хизмат кўрсатиш, текстиль ва тўқимачилик саноати, озиқ-овқат саноати каби йўналишларда 386 миллион долларлик 46 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бундан ташқари, технопаркдаги корхоналар учун мутахассислар тайёрлашда дуал таълим йўлга қўйилади.  
 
Умуман, технопаркда 2025 йилда 235 миллион долларлик 37 та, 2026 йилда эса 50 миллион долларлик 1 та лойиҳалар ишга туширилади. Натижада 10 мингта янги иш ўрни ва 35 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади.

Ўтган ўн ойда Янгиҳаёт туманида 3 мингдан зиёд аҳоли доимий ишга жойлаштирилган, 6  мингта ўзини ўзи банд қилган шахс рўйхатдан ўтказилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг