Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қалбга яқин «Лейтенант»: ҳарбий бўлишга чорлаган сеҳрли наво

Қалбга яқин «Лейтенант»: ҳарбий бўлишга чорлаган сеҳрли наво

foto: Xabar.uz

«Ўтмасангиз, кўчам сизни сўроқлар,

Ўтсангиз, дил қуёш мисол чарақлар...»

Шу топ ичимда бир ажиб хоҳиш уйғонди, ҳарбийларимиз, Ватан ҳимоячилари учун чиройли, юракка яқин нимадир ёзгим келди. Одатда бундай пайтда кинолардан ёки китоблардан илҳом олинади. Мен эса хаёлимда ўзим билган қўшиқларни саралай бошладим. Улар кўп эмас, лекин саноқлилари борки, йиллар ўтса-да қалб тўрида яшайди. Юлдуз Абдуллаеванинг «Лейтенант» қўшиғини эшитишни бошладиму, сеҳрли оламга тушиб қолдим.

Қизиқ, фақат мен эдимми байрам шукуҳини ҳис қилмоқчи бўлган? Йўқ, ижтимоий тармоқлардаги изоҳларни ўқиб бугун кўпчилик 14 январь — Ватан ҳимоячилари кунини ўзгача туйғу билан ҳис қилаётганини, нишонлашаётганини англадим. Юлдуз Абдуллаеванинг ижтимоий тармоқлар орқали янграган ушбу таронасига одамлар тонг саҳарданоқ ўз қалб сўзларини қолдиришган эди. Яхши томони интернетга ушбу қўшиқ номини излаб ёзсангиз жуда кўплаб каналлар орқали тинглаш имкони борлиги.

      

Демак, бундай қўшиқлар ҳар бир инсонда ҳарбийларга, Ватанга бўлган чексиз меҳрни шакллантиришга хизмат қилар экан. Қўшиқни қайта-қайта эшитарканман, унинг сатрлари юрагимга муҳрланиб борарди:

Боқмасангиз, зорман, агар боқсангиз...

Шод кўзларим тугмангиздек ярақлар.

Бир қараб ўтинг бизга, лейтенант,

Зор-у интизор қизга, лейтенант...

Айниқса, қўшиқ учун ишланган клип ўта самимий эди. Лейтенант йигитнинг ҳар бир ҳаракати, ёрдамга шошиши ҳақиқий мардлик тимсоли. Изоҳларни ўқишда давом этарканман, қалбимда юрт посбонларига, армиямизга бўлган ўзгача бир шукуҳ, ўзгача фахр туйғулари тошиб чиқа бошлади.

Агар мени четдан биров кузатса, кулгули ва завқли ҳолатга гувоҳ бўларди: қулоғимда қулоқчин, компьютер тугмаларини тез-тез босиб мақола ёзаяпман -у, беихтиёр мусиқа оҳангига мос рақсга ҳам тушяпман — қалбимга кириб келаётган оҳанг билан бирга сўзларни тутиб қолгим келдими билмайман. Чунки мақолани шунчаки ёзиб бўлмасди, қўшиқни шунчаки эшитиб бўлмасди.

Бу қўшиқ шундай, сизни бефарқ қолдирмайди, завқланмасликнинг иложи йўқ! Айниқса, аскарларимизнинг жиддий қиёфалари, шахдам қадамлари кишини руҳлантириб юборади.

Уйқум бузар нағалингиз товуши,

 Бир куйганнинг қийин экан совуши...


Изоҳлар орасида бир онахоннинг ёзганларига кўзим тушади, шошганча изоҳни кейин йўқотиб  қўймаслик учун ёзиб оламан: «Ўғлим уч ёшлигидан сизнинг қўшиғингизни айтарди, шу қўшиқ билан катта бўлди. «Йтинат (лейтенант демоқчи)» деб менга чест берарди, шу ўғлим  бугун лейтенант, сизни  тўйга чақираман...» Қаранг, бир қўшиқнинг кучи инсон тақдирига қанчалик таъсир қилади! Мана шундай қўшиқлар таъсирида бугун қанча ўғлонларимиз ҳарбийликни танлади, руҳи, қалби юксалди экан...

«Ҳозир эшитаётганлар борми? Қалбан биргамиз!», деб ёзади яна бир ихлосманд. Мен ҳам беихтиёр «Мен ҳам шу ердаман!» деб ёзиб қўйдим. Сафимиз тобора кенгайиб борарди...

Халоскорсиз офат келса боғимга,

Даштда лочин, бургутимсиз тоғимда.

Интизорман, беқарорман,  муштоқман,

Яшнаб боқинг пешвоз чиққан чоғимда.

Шу аснода мусиқа автоматик равишда янгиланар, «Лейтенант» ҳақидаги қўшиқ лентада кетма-кет бир-бирига уланиб борарди. Менга қўшиқ тугамагани яхши эди. Унинг таъсирида ёзаётганларимни ўқувчига тиниқроқ етказишимга ишонгандирман эҳтимол.   

Бирданига худди ўша сеҳрли мусиқа садолари остида эркак овози янграб қолди. Юлдуз Абдуллаева «кутган» ўша лейтенант қўшиқ айтиб чиқишини ким ҳам ўйлабди дейсиз?

Шаҳриёрбек Остонбеков ижросидаги бу жавоб таронаси худди йиллар давомида кутилган мактубдек янгради:

Кўчангни тўлдириб ўтсам ҳар куни, 

Олифта йигит деб ўйлама мени. 

Термулсам ранжима, сенга боқмасам, 

Айтчи, кўр бўлмасми кўзларим мени?

Бу сатрларни эшитарканман, кўз олдимда нафақат санъаткор, балки Ватан ҳимоячисининг ҳақиқий қиёфаси гавдаланди. У фақатгина қизнинг кўзига яқин бўлишни эмас, балки унинг ҳаётига мазмун бўлиб киришни истайди:

Бир қараб ўтай сенга, юлдузим, 

Зор-у интизор, танҳо юлдузим. 

Сенга ёқармикан жавоб қўшиғим, 

Сен кутган лейтенант менман, юлдузим!

Албатта фақатгина мард инсонларгина меҳрга меҳр билан жавоб бериш кераклигини қалбан англайдилар...

Олға юрдим шахдам қадамлар билан, 

Кўнглингдан жой олсам, чекинади ғам. 

Қандай кирган бўлсам тушларингга ҳам, 

Шундай кириб боргим ҳаётингга ҳам...

Ҳа, бу қўшиқлар бизнинг ҳаётимизга ана шундай кўтаринки руҳни олиб кирди. Бу сатрлар шунчаки мусиқа эмас, бу тақдирлар қиссаси. Қанчадан-қанча оилаларда шу қўшиқларни эшитиб улғайган болакайлар, ота-онасининг олдига ҳақиқий лейтенант бўлиб кириб борди. Бир пайтлар қўшиқдаги аскарга ҳавас қилган жажжи болалар бугун эл тинчлигини қўриқламоқда.

Бу сатрларни эшитганда, кимнингдир ёдига чегарадаги ҳушёр нигоҳлар, кимнингдир кўз олдига тинч-осойишта ҳаётимиз келади. Аслида ватанпарварлик бу баланд минбарларда айтиладиган нутқлар эмас, балки руҳиятимизга сингиб кетган мана шундай самимий оҳанглардир.

Бу кун нафақат ҳарбийларнинг, балки ҳар бир мард ўғлоннинг, ҳар бир суяниш мумкин бўлган кенг елкали ҳимоячиларнинг байрами. Биз бугун икки хил даврнинг, икки хил қиссасини куйлаган қўшиқлар орқали байрамга назар ташладик. Бири интизорлик билан кутган, иккинчиси эса «Мен келдим» деб жавоб берган икки қалбнинг овози бугун армиямизнинг куч-қудрати ва оилаларимизнинг меҳр-муҳаббатига қўшилган эҳтиромдир.

 ... Сиз ҳам эшитяпсизми бу қўшиқни? Унинг ҳар бир нотасида мардлик ва садоқат бор.

 «Лейтенант» қўшиғини тингланг, унинг оҳангидаги шахдам қадамларни ҳис қилинг! Армиямиздан, жасур ҳарбийларимиздан чин дилдан фахрланинг. Изоҳларда «Мен шу ердаман!» деганлар сафига сиз ҳам қўшилинг, токи аскарлар сафи кенгайган сари, шахдам қадамларнинг залвори ортгани каби юраклар дук-дуки қўшилиб оламни тутсин...

Аскарларимизнинг шахт билан ташлаган ҳар бир қадамида Ватан ҳимояси мужассам. Бугун шундай кун — бизнинг ҳар бир осуда тонгимизни, тинч кунларимизни таъминлайдиган мардлар байрами. Улар билан бирга бугунги куннинг шукуҳини, ғурурини ҳис қилинг...

Эшитяпсизми қўшиқни? У сизнинг қалбингизга, сизнинг уйингизга тинчлик ва фахр олиб кирмоқда. Байрамингиз муборак бўлсин, Ватан посбонлари!

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг