Қодирий бошидан ўтган кунлар
Адибнинг ўғли Ҳабибулла Қодирий ҳикоя қилади.
...Болохона уйимизда кечки таомдан сўнг дадам, Раҳимберди, Қудратилла амакиларим чой ичишиб, ундан-мундан сўзлашиб ўтиришар эди. Дадам дедилар:
– Кеча мени ёзувчилар союзига чақиришди...
– Нима янгилик, ака? – деб сўрадилар Қудратилла амаким.
– Ҳозир союзда ёзувчиларни “тозалаш”, сарагини-саракка, пучагини-пучакка ажратиш ишлари қизғин боряпти...
Тўрт-бешта ёзувчилардан иборат комиссия бир ёзувчини чақирадилар-да, кўнгилларига келган саволни галма-гал бераверадилар. Бечора ёзувчи шўрва ичган кўрдай терлаб жавоб қилаверади. Ёзувчига бундан ҳам разолатлироқ жазо борми?
– Масалан, қандай саволлар беришади, ака?
– Нега миллатчи бўлгансан, ёзганларингда миллатчилик руҳи бор, шуни бўйнингга оласанми, йўқми?
Совет ҳукуматини ёқтирмайсан, фалон вақтда фалончининг уйига боргансан, ўшанда нималар ҳақида гап бўлган, у сенга нима деди, сен унга нима дединг, қандай китоб кўрсатди?
Фалон вақтда уйингга фалончилар келган, ўшанда нима тўғрисида гап бўлган? Фалончи ёш ёзувчини нима деб ранжитдинг?.. Шунга ўхшаш бачкана, мижи-мижи, ковла-ковла гаплар...
– Сизга ҳам савол беришдими, ака?
– Беришди... Анқабой дегани савол берди: “Сизнинг ким ва қанақа ёзувчилигингизни биламиз, саволимиз шу: “Худо борми, йўқми?”
Ҳаммалари жим бўлиб қолди. “Бор”, дедим.
“Қандай исбот қиласиз борлигини?”
Унинг эътиборсиз, юзаки, менсимагандай берган саволи ғашимни келтирди:
“Худо борми-йўқлигини исбот қилиш ўйлаганингизча осон, бўёқчининг нили эмас. Бунинг учун ҳеч бўлмаганда, араб, форс, турк, рус тилларини мукаммал билишингиз ва билибгина қўймай, ўша тиллардаги диний манбаларни синчиклаб ўқиган, ўрганган, фалсафий мушоҳада қилган бўлишингиз керак.
Шундагина диний мунозарага кириша олишингиз мумкин. Масалан, “Ихлос” сурасини ўқинг-чи, мен сизга муқаддима ўрнида шарҳ қилиб берай!..” дедим.
Анқабой анқайиб қолди. Раёсатда жим ўтирган сиёсий идора вакиллари: “Бунақа масалаларни қўйинглар!” деб луқма солишди.
Раҳимберди амаким дедилар:
– Дилингда бўлмаса ҳам, тилингда “йўқ” деб қўя қолсанг бўларди, ука.
– Ўрисларнинг шундай зўр ёзувчилари борки, эътиқод билан яшайдилар ва ҳозир ҳам балки яшарлар. Уларга ҳеч ким бир нарса демаган, демайди ҳам. Ахир бу конституциямизда шундай кўрсатилган, – дедилар. – Энди мен бир кишининг икки оғиз сўзи деб қирқ йиллик иймонимдан қайтайми? Мунофиқлик, виждонсизлик бўлмайдими бу!..»
Бу воқеа Ўрта Осиёга томон эсиб турган бўронларнинг бири ва ашаддийси эди.
«Отамдан хотира» китобидан.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter