Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Рақобат қўмитаси «Centrum Air»нинг Истанбул — Тошкент рейси кечикиш ҳолатини ўрганмоқда

Рақобат қўмитаси «Centrum Air»нинг Истанбул — Тошкент рейси кечикиш ҳолатини ўрганмоқда

Ижтимоий тармоқларда «Centrum Air» авиакомпаниясининг Истанбул — Тошкент йўналишидаги C6302 рейси уч соатдан ортиқ кечиккани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат йўловчиларнинг эътирозларига ҳам сабаб бўлган.

Рақобат қўмитаси мазкур ҳолатни назоратга олган. Ҳозирда рейс кечикиши вақтида йўловчиларга зарур ахборот ва тегишли хизматлар кўрсатилгани, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этилгани ўрганилмоқда.

Ўрганиш ишлари қўмитага келиб тушган мурожаат асосида ҳам олиб борилмоқда. Ҳозирча ўрганиш натижалари бўйича қонунбузилиш ҳолати аниқлангани ҳақида маълумот берилмаган.

Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, бугунги кунгача «Centrum Air» ва бошқа авиакомпаниялар хизматларидан норозилик бўйича 270 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.

Мурожаатларда авиакомпаниялар айби билан парвозларни белгиланган жадвалдан кечиктириб амалга ошириш ва йўловчиларни манзилга кечиктириб етказиш ҳолатлари ҳам кўтарилган.

Қўмита амалдаги қоидаларга авиакомпания айби билан парвоз кечиккан тақдирда йўловчига пуллик компенсация миқдори ва уни тўлаш тартибини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Транспорт вазирлигига бир нечта кўрсатмалар берган.

Қўмита ўрганиш якунида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, ўз ваколатлари доирасида тегишли таъсир чораларини қўллашини билдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш якунлари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилиши айтилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг