Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Расмийларга ишонманг! Она-болага қоғозда ёрдам, амалда уларни сарсон қилаётганлар...

Расмийларга ишонманг! Она-болага қоғозда ёрдам, амалда уларни сарсон қилаётганлар...

Биринчи июнь санасида сайтимизда «Бола бўлиш осонмас», деган сарлавҳада мақола эълон қилган эдик. Мақоланинг бошида қаҳрамонларимдан бири Зилола исмли аёлнинг икки боласи билан тиланчилик қилаётгани ҳақида ёзгандим. У новвойхонада ижарада туради, нон ёки сув ташиб тирикчилик қилай деса, 2 ёшли қизчаси билан қийналади, яъни уни йўқотиб қўяди ва охирги чораси шу тиланчилик...

Мақола сайтда эълон қилингач, жуда кўпчилик Зилолага ёрдам бериш учун шошди. Моддий томондан, турар-жой ва паспортини тўғрилаш масаласида. Шу аснода адвокатурага алоқаси бор бир қиз билан учраштириб қўйдим. Зилолага ёрдам бермоқчи бўлган яна яхши одамларга унинг манзилини бердим.

Аммо савобталаб инсонлар Зилолани бозордан тополмаганларини айтишди. Орада бир-икки кун танаффус бўлди. Юрагимга ғулғула тушди. Бир инсонга ёрдам бераман деб.... наҳотки. Миямга ҳар хил хаёл келди: «Болаларини олиб қўйишдимикан?», «Бозордан ҳайдаворишдимикан?», ахир у мендан ёрдам сўраган йўқ эди-ку, ўзим уни ҳол-жонига қўймадим, нимадир ёрдам керакми, деб...

Бу ёқда эса холис кўмак бермоқчи бўлганлар ҳоли-жонимга қўймаётганди. Кейин адвокатурадаги қизга телефон қилдим. У айтдики, Зилолага ички ишлар ёрдам бераётган экан...

Мен бозорда уни қидиришда давом этдим ва қизчасини кўриб қолдим, бувиси билан экан. Ва ниҳоят енгил тин олдим. Бувиси билан суҳбатлашгач: «Ҳа, Зилолани сиз тутиб бердингизми?», деган биринчи саволидан устимдан муздай сув қуйилгандек қолдим. Кейин маълум бўлишича, тарқалган хабарларда кўриб турганингиздек:

«Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ушбу хабарни эътиборсиз қолдиришмабди, шу куннинг ўзида Тошкент шаҳар Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Юнусобод ва Бектемир тумани мутасаддилари билан жойига чиқилиб, вазият ўрганилибди. Қийин ахволга тушиб қолган Зилолага ёрдам кўрсатиш мақсадида Бектемир тумани Хотин-қизлар катта инспектори подполковник Муборак Охунхўжаева билан боғланилибди. Шунингдек, йўқотиб қўйган шахсини тасдиқловчи ҳужжат(паспорт)ни тиклаш учун Қибрай тумани Ички ишлар бўлимига хат орқали мурожаат қилинибди ҳамда аёлнинг психологик руҳиятини кўтариш мақсадида инспектор-психолог тайинланибди. Айни пайтда Зилоланинг яшаш шароити ўрганилиб, новвойхонага ишга жойлашишида ва ушбу хонадонга вақтинчалик рўйхатга қўйилишида амалий ёрдам кўрсатилибди».

Тошкент шаҳар Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Юнусобод ва Бектемир тумани ҳокимликлари ўз телеграм каналларида берган маълумотларда «ўрганиш ишлари натижасида фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати йўқолиб қолгани маълум бўлди. Аёлга бу борада ҳуқуқий ёрдам бериш ишлари бошлаб юборилди. Шахсни тасдиқловчи гувоҳнома олиниши билан ишга жойлаштириш ишлари амалга оширилади. Бундан ташқари, вақтинчалик рўйхатга олишда ҳам ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади. Аёлнинг бундан кейинги оилавий шароити, соғлиги, шунингдек, фарзандларининг аҳволи Бектемир тумани ҳокимлиги Оила ва хотин қизлар бўлими ва маҳалла фаоли томонидан доимий назоратга олинади», дейилган.

ИИББ берган маълумотда «новвойхонага ишга жойлашишида ва ушбу хонадонга вақтинчалик рўйхатга қўйилишида амалий ёрдам кўрсатилибди». Юнусобод ва Бектемир туман ҳокимликлари, Тошкент шаҳар Оила ва хотин қизлар бошқармаси ҳуқуқий ёрдам энди кўрсатилади дейилмоқда.

Тошкент шаҳар ИИБ расмий канали, Тошкент шаҳар Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Юнусобод ва Бектемир тумани ҳокимликлари телеграм каналларида «қўлма-қўл» бўлган бу «хушхабар»ни эшитиб, очиғи, кўзимга ёш келди. Кечагина қорайиб, тиланиб юрган Зилола бир думалаб маликага, энг бахтли аёлга айланганди хаёлимда. Уларнинг ҳамжиҳатлигига, бир-бирини қўллаб-қувватлашига, бечора Зилолалани уёққа ўтқизиб, буёққа ўтқизиб роса суратга олиб, олдида гирдикапалак бўлиб суратга тушиб тарқатганига...

Эҳ-ҳе... Шунча мутасадди ташкилотлару, ҳокимликлар бор экан, Зилолага ўхшаганлар нега тиланчилик қилиб юрибди, деб ҳам ўйлаб қўяркансан. Агар Зилоланинг паспорти тўғриланишига шу пайтгача озроқ жон куйдирилганида бугун жамиятимизда битта тиланчи кўпаймасди. Мен тиланиб ўтирганларни ишлашни ёқтирмайдиганлар, деб ўйлардим. Лекин Зилоланинг вазияти бутунлай бошқа, уйи, паспорти йўқ, ишлай деса боласи кичкина...

Ва ниҳоят Зилола билан боғланишга муяссар бўлдим. Унинг айтишича, ҳеч қаерда рўйхатда йўқлиги (новвойхонага рўйхатга қўйилганди ИИББ хабарида) муаммо туғдираётган экан, демак, ҳаливери паспорт ололмайди. Новвойхонада бир кун ишлабди. Айтганча, ўзи турган новвойхонада, агар Зилоланинг ишлаш имконияти бўлганида, сўзсиз бошқалар аралашувисиз ҳам иш топиб оларди. Яна қайтариб айтаман, бозорда юк билан юролмайди, қизчасини йўқотиб қўйиши мумкин. Иккинчидан, туман ИИБ ходимлари унга «Олой» бозорида бошқа тиланчилик қилмасликни тайинлаган. Демак, у кун кўриши учун бошқа жойда тиланчилик қилади ё боласини хавф хатарга қўйиб нон-сув сотади.

Учинчидан, энди новвойхонадан ҳам чиқариб юборишибди. Тўғри-да, муаммоли, орқасидан тўдалашиб ички ишлару, ҳокимиятдагилар излаб борадиган ижарачи кимга керак, оғримаган бошини оғритиб? Хуллас, айни пайтдаги вазият: кимдир ҳомийлар томонидан унга бир миллион пул берган ва бир ойга ижарага уй топиб чиқариб қўйган, ижара пулини ҳам савобталаб кимдир тўлаган.

Биз эса умид қилишдан тўхтамаймиз. Ахир қўлни қўлга бериб, қилаётган «амалий» ишини бир неча ўнлаб кадрларга муҳрлаб қўядиган ҳамжиҳат мутасадди ташкилоту фаоллар бор-ку!

Лекин барибир ўша савол одамни ўйлантиради-да. Нега шу пайтгача Зилола сарсон-саргордан бўлиб, паспортини тўғрилай олмаган? Тарқатилаётган хушхабарлар агар рост бўлса, бу унчалик қийин иш эмасдек. «Кўпдан қуён қочиб қутулмас» экан-да, дейсиз урчиб кетган хабарларни кўриб.

Биз мутасаддиларга мурожаат қилмоқчимиз: Зилола паспорт олса, катта қизини мактабга бермоқчи, яқинда ҳужжат қабул қилиш бошланади. Паспорт олса, ишга кирмоқчи, кичик қизини давлат боғчасига бермоқчи. Хўш, паспортини қачон ҳал қилиб берасизлар? Паспорти ҳал бўлса, ишга кирса, ижара пулини ҳам амаллаб тўлаб турарди. Доимий назоратга олиш деганда нимани назарда тутгансизлар: кўчада юрмаслигиними, бозорга чиқмаслигиними? Тирикчилик-чи? Бу ёқда эса орзу қилишга ҳам ҳадди сиғмайдиган уйсизлик муаммоси турибди...


Таҳририятдан

«Ҳурматли фуқаролар, каналига «подписчик» кўпайтиришни мақсад қилган нопок жамоатчилик вакилларининг турли гап-сўзлари, ёлғонлари ва фейкларига эмас, расмий хабарларга ишонинг», дейишни ҳар бир гапида канда қилмайдиган ИИВ расмийларининг фейк ва ёлғон ахборот тарқатишларини нима деб атаймиз?!

«Унутманг, бу каби ёлғон хабарларни тарқатиш тегишли тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.»

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг