Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Реимбурсация дастури: кимларга бепул дорилар берилади? (видео)

Тошкент шаҳридаги Миллий матбуот марказида «Реимбурсация дастури: Давлат тиббий суғуртаси орқали аҳолига берилаётган бепул дори воситалари» мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Давлат тиббий суғурта жамғармаси Реимбурсация дастурини изчил амалга ошириб бормоқда. Ушбу тизим дастлаб Сирдарё вилоятида сурункали касалликлар бўйича тажриба тариқасида жорий этилган.

Бугунги кунда Реимбурсация тизими Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Самарқанд, Навоий, Хоразм, Бухоро ҳамда Қашқадарё вилоятларида тўлиқ йўлга қўйилган. 2025 йил якунига қадар дастур доирасида 1 миллион 314 минг нафар бемор дори воситалари билан таъминланиши режалаштирилган бўлиб, бунинг учун дорихоналарга 90, 9 миллиард сўм маблағ қоплаб берилган.  

Мазкур лойиҳа 2022 йилда бошланган бўлиб, ҳудудлар кесимида босқичма-босқич кенгайтириб борилмоқда. Дастур орқали сурункали хасталикларга чалинган беморларга оилавий шифокор томонидан расмийлаштирилган электрон рецепт асосида дори воситалари бепул берилади. Барча харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Ҳозирда дастур доирасида 12 турдаги касаллик қамраб олинган. Улар қаторига артериал гипертония, юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг I ва II турлари, қандсиз диабет, бронхиал астма, ўпканинг сурункали обструктив ҳамда меъда-ичак тизими касалликлари киради. Ушбу йўналишлар бўйича 28 турдаги дори воситалари амбулатор шароитда бепул тақдим этилмоқда.

Реимбурсация ўзи нима? 

Аҳолининг сифатли ва кафолатланган дори воситаларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш, касаллик асоратларини камайтириш орқали госпитализация ҳолатларини қисқартириш ҳамда тиббий хизматлар шаффофлигини оширишга хизмат қилувчи тизим реимбурсация дейилади.

Шунингдек, оддий электрон рецепт билан Реимбурсация доирасидаги рецептни фарқлаш муҳим. Дастур доирасида расмийлаштирилган электрон рецепт асосида диспансер назоратида бўлган беморларга дори воситалари бепул берилади. Оддий электрон рецептда эса дори хариди беморнинг ўз маблағи ҳисобидан амалга оширилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг