Шанхай–Тошкент тўғридан тўғри авиарейслари йўлга қўйилди
Хитойнинг China Eastern Airlines авиакомпанияси Шанхай – Тошкент – Шанхай йўналиши бўйича мунтазам йўловчи рейсларини йўлга қўйди. 30 март куни авиакомпаниянинг MU6037 рейси маҳаллий вақт билан соат 18:00 да Тошкент халқаро аэропортига қўнди.
Uzbekistan Airports хабарига кўра, бортда 265 нафар йўловчи бўлган самолёт анъанага кўра сув аркаси билан кутиб олинди. Экипаж аъзоларига гуллар топширилди, илк рейс муносабати билан байрамона муҳит яратилди.
Шунингдек, шу куни Тошкентдан Шанхайга учувчи биринчи йўловчилар ҳам тантанали равишда рўйхатдан ўтказилди. Янги йўналиш икки шаҳар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани таъминлаб, саёҳат ва ишбилармонлик учун қўшимча қулайликлар яратиши кутилмоқда.
Маълум қилинишича, рейслар ҳафтасига тўрт марта — душанба, сешанба, пайшанба ва шанба кунлари амалга оширилади. Парвозлар замонавий Airbus A330 самолётларида ташкил этилган. Учиш давомийлиги тахминан 8 соатни ташкил этади.
Маълумот учун, China Eastern Airlines 1988 йилда ташкил этилган бўлиб, штаб-квартираси Шанхай шаҳрида жойлашган. У Хитойнинг етакчи авиакомпанияларидан бири ҳисобланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter