Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев юртдошларимизни Конституция куни билан табриклади

Шавкат Мирзиёев юртдошларимизни Конституция куни билан табриклади

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқимизни ушбу қутлуғ айём билан табриклади.

Президент Шавкат Мирзиёев бугун ўз нутқида қонун устуворлигини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ишлаб чиқаётган ҳужжатлар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари фақат ва фақат Конституция ҳамда қонунларга мувофиқ бўлиши шартлигини алоҳида айтиб ўтган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ.

Давлатимиз раҳбари жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш борасидаги ишларни узлуксиз давом эттириш, бу борадаги кўникмаларни фарзандлар тарбиясига болаликдан сингдириш кераклигини таъкидлади.

– Конституциямиз ҳар бир фуқаронинг онги ва қалбидан чуқур жой олган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлайдиган ҳақиқий ҳаёт қомусига айланмоғи лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бош қомусимизда белгиланган инсонпарвар тамойиллар тўла амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда Президентимизнинг жиноят содир этганларни афв этиш бўйича 8 та фармони қабул қилиниб, 4 мингдан зиёд шахс жазони ўташ жойларидан озод қилинди.

Ушбу байрам арафасида Ўзбекистон раҳбари яна бир шундай фармонга имзо чекди. Унга биноан, жиноий қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 92 нафар маҳкум афв этилди.

Бу йил Жаслиқ қўрғонидаги жазони ижро этиш колонияси ёпилгани ҳам инсонпарвар сиёсатнинг амалий намунаси бўлди. Бундан ташқари, озодликдан маҳрум этилган шахсларга пенсия ва ижтимоий суғурта тўлаш тартиби биринчи марта йўлга қўйилди.

Ўтган уч йилда 9 минг 692 нафар, жумладан, бу йилда 5 минг 868 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қиладиган идораларга айлантириш зарурлигини таъкидлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг