Шоҳимардондан «Қурбон кўли»га элтувчи осма дор йўли очилди
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров раҳбарлигидаги делегация, Қирғизистоннинг Боткен вилояти раҳбарлари билан бирга Шоҳимардонни саёҳатга очиш жараёнида бу ердаги Ҳазрат Али зиёратгоҳида бўлишди.
Шундан сўнг Шоҳимардоннинг жанубий тарафида, денгиз сатхидан 3000 метр баландликда, тоғлар бағрида жойлашган Қурбон кўлига ўтувчи осма дор йўлини қайта очиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар қилди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Карнай-сурнай садолари билан рамзий тасма қирқилиб, меҳмон-у мезбонлар бирин-кетин тоғлар бўйлаб ҳаракатланадиган ўриндиқларга ўтирдилар.
Тоғ бағрида юзага келган ва бугунги кунда Қирғизистон Республикаси ҳудудида жойлашган Қурбон кўли табиат мўъжизаси сифатида жуда гўзал бўлиб, айниқса, ҳаво очиқлигида осмон ранги билан туташиб, ажиб манзара ҳосил қилади. Тоғлар орасида жойлашган ушбу кўл суви жуда совуқ бўлганлиги учун унда бирон ўсимлик ўсмайди ва ҳайвонот олами ҳам мавжуд эмас.
Маҳаллий аҳолининг айтишича, қачонлардир кўл ўрни тоғ-у тошлардан иборат бўлиб, бу ерда аҳоли яшаган. Бироқ, кунларнинг бирида кутилмаганда зилзила оқибатида тоғлар кўчиб тушади ва яшовчилар ҳалок бўлишади.
Аллоҳнинг мўжизаси туфайли одамлар қурбон бўлган манзилда эса бир кўл пайдо бўлади. Унинг номини одамлар «Қурбон кўли» деб аташади. Суви кўм-кўк бўлгани сабаб баъзан Кўккўл деб ҳам юритишади.
Ўзбек ва қирғиз делегацияси вакиллари Қурбон кўли ва унинг ортидаги яна бир кичик кўл билан яқиндан танишдилар.
Икки вилоят раҳбарлари шу ерда журналистлар ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter