Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сирдарёдаги Медиа ҳафталик доирасида «Биз — журналистлар» китоби тақдимоти ўтказилди (фото)

Сирдарёдаги Медиа ҳафталик доирасида «Биз — журналистлар» китоби тақдимоти ўтказилди (фото)

Фото: Муҳаммад Карим

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ОАВ учун контент тайёрлаш маркази, Журналистлар уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида Сирдарё вилоятида ташкил этилган Медиа ҳафталик доирасида Гулистон шаҳрида «Биз — журналистлар» китобининг тақдимоти ва муаллифлар билан ижодий учрашув ўтказилди.

Мазкур китобда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида 1990–1996 йилларда таҳсил олган 54 нафар сабоқдошнинг ижод намуналари — мақола, шеър, ҳикоя ва суратлари жамланган. Ўттиз йил муқаддам ушбу даргоҳни битирган талабалар орасидан бугунги кунда республикага таниқли кўплаб журналист ва муҳаррирлар етишиб чиққан.

Тадбирни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими раиси вазифасини бажарувчи Дилором Исмадиёрова олиб борди. Сўнгра «Биз — журналистлар» лойиҳаси ташкилотчиларидан бири ва муаллифи Абдуғани Абдураҳмонов тўпламнинг яратилиш тарихи ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, асар муаллифларидан Қувондиқ Сиддиқ, Муҳайё Астанова, Мухтасар Қодирова, Наргиза Пирназарова ва Фарида Тожибоевалар журналистлик миссияси, ижод гашти ҳамда касб масъулияти ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашдилар.

Тақдимотда сўзга чиққан сирдарёлик ижодкорлар — «Университет овози» газетаси бош муҳаррири Мунаввар Пардаев, «Маърифат ва ёшлар» газетаси бош муҳаррири, шоир Алишер Нур, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Баҳор Холбекова, «Янги Сирдарё» газетаси махсус мухбири Муҳаммадали Аҳмад, «Ширин садоси» газетаси бош муҳаррири Облоқул Ашурқулов, «Халқ сўзи» газетасининг вилоятдаги мухбири Аҳмадали Шерназаров ва бошқалар янги нашр ҳақида илиқ мулоҳазаларни баён этишди.

Тақдимотда фаол иштирок этган қатнашчиларга муаллифлар томонидан «Биз — журналистлар» китоби совға қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг