Сурхондарёдаги учта туманга ҳокимлар тайинланди
Сурхондарёдаги учта туманга янги ҳоким тайинланди.
Бугун Халқ депутатлари Денов тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Денов тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Илҳом Аброров вазифасидан озод этилгани таъкидланди.
Вилоят раҳбари депутатлар эътиборига Денов тумани ҳокими лавозимига Нормаматов Анвар Маматович номзодини таклиф этди. Мазкур номзод Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари томонидан маъқулланди.
Маълумот учун, Анвар Нормаматов 1981 йилда Ангьор туманида туғилган. 2003 йилда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясини ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида Ички ишлар органларида турли масъул лавозимларда хизмат қилган. Жумладан, Сариосиё, Узун ва Қизириқ туманлари ҳамда Термиз шаҳар Ички ишлар бўлимларида бошлиқ, Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимларида ишлаган. Тайинловга қадар эса Қумқўрғон тумани ҳокими лавозимида фаолият олиб борган.
Олтинсой туманига ҳам янги ҳоким тайинланди. Халқ депутатлари Олтинсой тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режаларга тўхталди.
Сессия давомида ташкилий масала кўриб чиқилди. Шу кунгача Олтинсой тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келган Бахром Махматраэмов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилгани маълум қилинди.
Вилоят раҳбари туман ҳокими лавозимига Миллий кадрлар захирасидан тавсия этилган Мавлянов Отабек Рустамович номзодини таклиф этди. Мазкур номзод Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари томонидан маъқулланди.
Маълумот учун, Отабек Мавлянов 1980 йилда Термиз туманида туғилган. 2001 йилда Термиз давлат университетини молия йўналиши бўйича тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида маҳаллий ҳокимликлар ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари маркази тизимида турли лавозимларда фаолият юритган. Жумладан, Термиз тумани ҳокимининг ўринбосари, вилоят Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимларида ишлаган. Тайинловга қадар эса Сурхондарё вилояти Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.
Қумқўрғон туманига янги ҳоким тайинланди
Бугун Халқ депутатлари Қумқўрғон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.
Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Шу кунгача Қумқўрғон тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келган Анвар Нормаматов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилгани маълум қилинди.
Вилоят ҳокими томонидан туман ҳокими лавозимига Холиқов Фаррух Омонович номзоди таклиф этилди. Мазкур номзод Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари томонидан маъқулланди. Фаррух Холиқов Миллий кадрлар захирасидан тавсия этилган.
Маълумот учун, Фаррух Холиқов 1985 йилда Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган. У 2009 йилда Тошкент давлат юридик институтини, 2016 йилда Бош прокуратура олий ўқув курсини ҳуқуқшунослик мутахассислиги бўйича тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида прокуратура органларида турли лавозимларда, жумладан, Узун ва Шўрчи туманлари прокурори сифатида ишлаган. Тайинловга қадар Денов тумани прокурори лавозимида фаолият юритиб келган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter