Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда Марказий Осиёда табиатни муҳофаза қилиш лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди

Тошкентда Марказий Осиёда табиатни муҳофаза қилиш лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди

Тошкентда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган «Марказий Осиёда табиатни муҳофаза қилишда ягона саломатлик» лойиҳасини амалга оширишга бағишланган ҳудудий семинар бошланди.

Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон, Германия Федератив Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси, Атроф-муҳит, табиатни муҳофаза қилиш, ядровий хавфсизлик ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерал вазирлиги (BMUV), Халқаро иқлим ташаббуси (IKI), Жаҳон банки, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO), «Илбирс» жамоат фонди ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Семинар давомида ташкилотчилар лойиҳани тақдим этдилар, «Ягона саломатлик» ташаббусларини муҳокама қилдилар ва IUCN Яшил рўйхати стандарти ва бошқа табиатни самарали ҳудудий муҳофаза қилиш чоралари бўйича сессиялар ўтказдилар.

«Табиатни муҳофаза қилиш Марказий Осиё ландшафтларининг инсон, ҳайвонлар ва атроф-муҳит саломатлигини асраш учун барқарорлигини ошириш орқали зоонотик хавфларни камайтиришда муҳим роль ўйнайди, бу «Ягона саломатлик» ёндашувининг асосини ташкил этади, — деди IUCN'нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Оливер Аврамоски. — Биз Марказий Осиё ҳукуматларини IUCN воситалари ва стандартларини, жумладан, табиатни самарали ва адолатли муҳофаза қилиш учун глобал мезон бўлган Яшил рўйхатни қўллаш орқали миллий ва минтақавий салоҳиятни оширишда қўллаб-қувватлаш тарафдоримиз».

Лойиҳа тиббиёт, ветеринария, экология ва соғлиқни сақлаш каби соҳалар ва фанлар бўйича ҳамкорликни кучайтириб, инсон, ҳайвонлар ва атроф-муҳит саломатлигини бирлаштирган ягона саломатлик ёндашувини қўллайди.

«Маълумки, «Табиат чегара билмайди» ва биологик хилма-хилликнинг йўқолиши, экотизим деградацияси ва иқлим омиллари зооноз касалликларнинг тарқалиш хавфини оширади. Умид қиламизки, ушбу лойиҳа Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида зооноз касалликлар хавфини бартараф этиш, табиатни муҳофаза қилиш, экотизим саломатлиги ва инсон фаровонлиги ўртасидаги боғлиқлик ҳақида хабардорликни ошириш бўйича мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлар учун яхши платформа бўлиб хизмат қилади», – деди Экология вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков.

Қайд этиш жоизки, Марказий Осиёда зооноз касалликлар хавфи биохилма-хилликнинг йўқолиши ва инсон ва ҳайвонот дунёсининг ўзаро муносабатларидаги ўзгаришлар туфайли кучаймоқда. Ушбу хавфларни камайтириш учун 2023 йилдан 2027 йилгача IUCN Марказий Осиёнинг 5 та давлатида миллий ҳокимият органлари ва халқаро ҳамкорлар билан бирга 10,5 миллион евролик лойиҳани амалга оширмоқда.

«Яқинда бошланган лойиҳа орқали IKI келажакда зооноз касалликларнинг олдини олишга ҳисса қўшишни мақсад қилган. Ушбу инновацион лойиҳа муҳофаза қилинадиган ҳудудларда ва ундан ташқарида «Ягона саломатлик» ёндашувини амалга ошириш ҳамда миллий сиёсатни ишлаб чиқишга қаратилган. Ишончимиз комилки, бу зооноз касалликлар хавфини камайтириш бўйича муҳим янги билимлар ва илғор тажрибаларни тақдим этади», – дея таъкидлади Халқаро иқлим ташаббуси (IKI) вакили доктор Матиас Шретер-Винке.

Лойиҳадан мақсад миллий экотизимларни ўзгартириш учун шароит яратиш, минтақада экологик ташаббусларни кенгайтириш учун ижтимоий капитал яратиш, шунингдек, молиялаштиришнинг янги механизмини қўллаб-қувватлаш, биологик хилма-хиллик ва ресурслар, жумладан, экотуризм, овчилик ва жамоатчилик ташаббусларига инновацион ёндашишдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг