Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентдаги куйинди ҳиди сабаби маълум қилинди

Тошкентдаги куйинди ҳиди сабаби маълум қилинди

Фото: Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси

Тошкент шаҳрида 11 июл куни ижтимоий тармоқларда турли ҳудудларда куйинди ҳиди ва тутун сезилаётгани ҳақидаги хабарлар юзасидан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси расмий муносабат билдирди.

Қўмита маълумотига кўра, Тошкент вилояти Оҳангарон туманида, пойтахт ҳокимлиги тасарруфидаги «Махсустранс» қаттиқ маиший чиқиндилар полигонида табиий ёнғин юз берган. Ҳозирда ёнғин тўлиқ бартараф этилган бўлиб, полигонда рекультивация ҳамда тупроқ билан қоплаш ишлари олиб борилмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, кун давомида очиқ алангалар ўчирилганига қарамай, чиқиндиларнинг айрим қатламларида ички туташ жараёни сақланиб қолган. Шу сабаб ҳавога тутун ва майда аэрозол заррачалари ажралиши давом этган.

Қўмита маълум қилишича, кечга қадар пойтахтда деярли шамол кузатилмаган. Бироқ соат тахминан 19:00 дан кейин шамол кескин кучайиб, жануби-шарқ томондан — полигон жойлашган ҳудуддан Тошкент шаҳри томон эса бошлаган.

Айнан шу вақтда ҳаво сифати мониторинги станциялари PM2.5 ва PM10 майда дисперс заррачалари концентрацияси ошганини қайд этган.

Шундан сўнг шаҳарнинг Яшнобод, Бектемир, Яккасарой, Шайхонтоҳур туманлари ҳамда марказий қисмида яшовчи аҳоли тутун ва куйинди ҳидини сезганини билдирган.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси дастлабки таҳлилларга кўра, куйинди ҳиди шамол тезлиги ва йўналишининг кескин ўзгариши оқибатида полигондан чиққан тутун массалари ҳамда майда аэрозол заррачаларининг шаҳар томон кўчиши натижасида юзага келганини маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳозирда полигонда рекультивация ишлари давом этмоқда, вазият эса мутасадди ташкилотлар томонидан тўлиқ назоратга олинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг