Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентдаги «туризм кўчалари» учун алоҳида автобуслар қатнови йўлга қўйилади

Тошкентдаги «туризм кўчалари» учун алоҳида автобуслар қатнови йўлга қўйилади

Пойтахт ҳокимлиги Тошкент шаҳрида ташкил этилган «туризм кўчалари»ни боғловчи тунги вақтда ҳаракатланадиган жамоат транспортини йўлга қўйишни назарда тутувчи қарорни қабул қилди.

Ҳужжатда, жумладан, тунги жамоат транспортларининг йўлкира ҳақи ҳамда уларнинг қулайликларига аниқлик киритилган.

Қайд этилишча, бунда йўлкира ҳақи Тошкент шаҳрининг жамоат транспорти йўналишлари билан бир хил этиб белгиланади ҳамда замонавий талабларга жавоб берадиган, кондиционерли, Wи-фи, видеокузатув тизимига эга, шунингдек имконияти чекланган шахслар учун мослаштирилган автобуслар хизмати йўлга қўйилади. 

Эслатиб ўтамиз, бир муддат олдин «Газета.уз» нашри халқ депутатлари шаҳар кенгашининг йиғилишида пойтахт Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари О.Норбутаевнинг туризм кўчалари орқали ҳаракатланувчи тунги автобус йўналишлари тармоғи юзасидан маълумот бергани ҳақида ёзганди.

Унда, хусусан, Норбутаев тунги соат 22:00 дан эрталаб 06:00 гача ҳаракатланадиган автобуслар Тошкент шаҳридаги аэропортлар, темирйўл вокзаллари, метро бекатлари, тунги туризм кўчалари, савдо ва кўнгилочар марказлар, йирик деҳқон бозорлари, талабалар ётоқхонаси ва шифохоналар орқали ҳаракатланишини айтган. Бунда умумий ҳисобда 15 та йўналиш икки босқичда, оралиқ интервали дастлаб ярим соатни ташкил этган ҳолда ташкил этилади.

Норбутаевнинг таъкидлашича, Тошкент шаҳри ҳокимиятидан автобусларни алоҳида қизил рангга бўяш таклифи бўлган. Автобус йўналишлари рақамлари ҳам Т1, Т2, яъни «тунги автобус» сифатида белгиланади.

«15 та йўналишда 54 та автобус ҳаракатланади. Ўша йўналишдаги тушумни ҳисобламасак, ўртача 33 миллиард сўм маҳаллий бюджетга юклама тушади», – деди Оллоёр Норбутаев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг