Хитой компанияси Тошкентда пуллик йўл лойиҳасида иштирок этиши мумкин
Хитойга расмий ташриф доирасида Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов бошчилигидаги делегация «China Railway Construction Corporation» компанияси раҳбарияти билан музокара ўтказди.
Учрашувда Тошкентни комплекс реновация қилиш, шаҳар инфратузилмасини модернизациялаш ҳамда шаҳарсозлик ва экология соҳаларига замонавий ечимларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Хитой компаниясига қурилиш ва маиший чиқиндиларни қайта ишлашга мўлжалланган замонавий полигон қуриш лойиҳасида иштирок этиш таклиф қилинди.
Музокараларда транспорт инфратузилмасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар Тошкентда қўшимча пуллик автомобиль йўлларини қуриш, жумладан, тахминан 100 километрли ҳалқа пуллик йўли ҳамда келгусида қурилиши режалаштирилаётган янги халқаро аэропортга олиб борувчи пуллик магистрал барпо этиш истиқболларини муҳокама қилди.
Бундан ташқари, замонавий мактаблар, боғчалар, тиббиёт муассасалари ва бошқа ижтимоий объектларни қуриш бўйича ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
«China Railway Construction Corporation» вакиллари мазкур ташаббусларни ўрганишга қизиқиш билдириб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан амалий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини маълум қилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter