Янги Тошкент халқаро аэропорти ҳудудидаги еттита қабристон кўчирилади
«Янги Тошкент халқаро аэропорти» қурилиши ҳудудида жойлашган фаолияти тўхтатилган етти қабристон бошқа жойга кўчирилади. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимининг тегишли қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, Қуйи Чирчиқ туманидаги «Сергели» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Сергели болалар» ва «Корейс» қабристонлари, Ўрта Чирчиқ тумани «Янги йўл» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Сувон бағиш», «Қудойқул» мусулмон, «Қудойқул» корейс, «Сариктепа» корейс ҳамда «Борис» рус христиан қабристонлари кўчирилади.
Ҳужжатда мазкур қабристонларда дафн ишлари узоқ йиллар аввал тўхтатилгани қайд этилган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси хулосасига кўра, айрим қабрлардаги марҳумларнинг жасадлари тупроққа айланган бўлиши мумкин. Қабристонларни кўчириш жараёнида қабрлар очилганда аниқланган суяк қолдиқлари эҳтиёткорлик ва ҳурмат билан йиғилиб, белгиланган тартибда қайта дафн этилади.
Қуйи Чирчиқ туманидаги «Сергели болалар» қабристонидан эксгумация қилинган қабрлар «Шардара» қабристонига, «Корейс» қабристонидан чиқарилган қабрлар эса рус-корейс қабристонига кўчирилади.
Ўрта Чирчиқ туманидаги «Сувон бағиш» ва «Қудойқул» мусулмон қабристонларидан эксгумация қилинган қабрлар «Зайнаб она» қабристонига, «Қудойқул» ва «Сариктепа» корейс қабристонлари ҳамда «Борис» рус христиан қабристонидан чиқарилган қабрлар эса «Тараққиёт» МФЙдаги корейс қабристонига қайта дафн этилади.
Қабристонларни кўчириш ишлари санитария-эпидемиология, экологик, архитектура, диний ва жамоатчилик талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши белгиланган. Жараён устидан санитария назорати ўрнатилади.
Шунингдек, туман ҳокимликларига аҳоли ва марҳумларнинг қариндошлари билан тушунтириш ишларини ташкил этиш ҳамда қайта дафн қилишнинг диний урф-одатларга мувофиқ амалга оширилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.
Қарорга кўра, қабристонларни кўчириш, қайта дафн қилиш, ҳудудларни тайёрлаш ва ободонлаштириш харажатлари «Янги Тошкент халқаро аэропортини қуриш» лойиҳаси доирасида хусусий шерик томонидан қоплаб берилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter