Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ҳозирги сиёсатимизга, халқимизга хиёнат қиляпсизлар» – Президент раҳбарларни танқид қилди

«Ҳозирги сиёсатимизга, халқимизга хиёнат қиляпсизлар» – Президент раҳбарларни танқид қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказгани хабар қилинганди.

Давлат раҳбари йиғилишда республика бўйича жами касалларнинг 40 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келаётганини таъкидлаб, ҳолат учун раҳбарларни қаттиқ танқид қилди.

«Республика бўйича таҳлил қилганимизда энг оғир шароит Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига тўғри келади. Жиловни бўш қўйганимиз учун вазиятимиз мутлақо ҳозирги талабга жавоб бермай, одамларнинг норозилигини келтириб чиқарди.

Бу ерда ўтирган раҳбарлар, сизлар ўзи ҳозирги сиёсатни тушунасизларми-йўқми? Дунёда қандай иқтисодиёт бўляпти, вабо билан қандай курашиляпти, нимани таҳлил қиляпсизлар, деган савол мени қийнайди.

Ҳокимлар ва сектор раҳбарлари ўз ҳудудидаги ҳақиқий аҳволни умуман ўрганмаган ва пастга тушмаган. Сизлар ҳозирги сиёсатимизга, халқимизга хиёнат қиляпсизлар. Қандай аччиқ бўлсаям, баҳо мана шундай.

Уруш пайтидаги вазият ҳозир! Урушда фақат халқнинг тинчлиги, халқнинг осойишталиги, халқнинг соғлигини ўйлашимиз керак. Биринчи раҳбарлар тушунишни хоҳламаяпти. Улар ўзларининг ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларига бирон марта кирмаган, улар билан учрашмаган, реал вазиятни ўрганмаган ва кўрмаган.

Аҳолини вирусдан огоҳлантириш ва сақлаш, касалликни ўз вақтида ва тўғри даволаш учун масъулиятни умуман ҳис қилмагансизлар. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам, кейинги бир ойда коронавирусни даволаш стратегияси ва тактикаси кескин бузилган, реал ҳолатдан келиб чиқиб, даволаш амалиёти ўзгартирилмаган.

Шифокорлар томонидан беморларга нисбатан бефарқлик ва совуққонлик ҳолатларига ҳам йўл қўйилмоқда.

Агар бу ерда садоқатли одамлар ўтирганида, сиёсатга хайрихоҳ одамлар ўтирганида, Тошкентда шундай шармандалик мумкинмиди? Тошкентда иложи бор-ку ҳамма нарсанинг? Бугундан бошлаб пандемияга қарши кураш стратегияси ва тактикасини бутунлай ўзгартирилади» — деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳайфсан эълон қилинди. Шаҳар ва вилоятнинг барча сектор раҳбарлари жиддий огоҳлантирилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг