Дунёқарашингиз шунчалик торми?!
Бугунги шиддатли замон ижодкордан тинимсиз изланишни, янгиланишни талаб этади. Бир лаҳзага тўхташ — унутилишга маҳкумлик демакдир. Бироқ санъат оламининг шафқатсиз рақобатида «омон қолиш» ҳар кимда ҳар хил кечмоқда.
Бир пайтлар «Туташ тақдирлар» сериалида иболи, ҳаёли ва миллий келин тимсолини маҳорат билан гавдалантириб, халқнинг самимий меҳрини қозонган актриса Нилуфар Ҳамидованинг бугунги «трансформацияси» бунинг ачинарли исботидир. Афсуски, актриса санъатда қолиш ва қайта «порлаш» учун машаққатли меҳнат ёки маҳорат йўлини эмас, балки энг арзон ва тубан йўлни — одоб чегараларини бузиш, очиқ-сочиқликни танлади. Томошабин хотирасида муҳрланган ўша мунис ва маданиятли образ ҳали унутилмай туриб, унинг менталитетимизга ёт кийимларда намоён бўла бошлагани кўпчиликни ҳайратга солди, дилини хуфтон қилди. Эндиликда актрисанинг «ташриф қоғози» маҳорат билан ижро этилган роллар эмас, балки ижтимоий тармоқларни «ларзага солаётган» беҳаё рақслар, жамоатчилик этикасига зид ҳаракатлар ва баҳсли чиқишлар бўлиб қолди.
Бу маънавий инқирознинг энг юқори нуқтаси сифатида яқинда унинг ҳаваскор яллачи Якзон билан айтган, санъат номига доғ туширувчи «ижод намунаси»ни кўрсатиш мумкин. «Сизники торми, дуторми...» каби мантиқсиз ва бачкана иборалардан иборат бу маҳсулотни на шеър ва на қўшиқ деб бўлади. Бу шунчаки тингловчининг дидини ҳақорат қиладиган, асаб толаларини синайдиган маъносиз сўзлар йиғиндисидир. Бундай матнлар орқали ижрочилар жамиятга нима демоқчи? Уларнинг асл мақсади маънавий бўшлиқни арзон машҳурлик ва вақтинчалик рейтинг билан тўлдиришга бўлган умидсиз уринишдир.
Машҳур «Мерлин» фильмида ибратли бир жумла бор: «Ёмонни енгишнинг энг яхши усули — уни унутишдир». Ҳақиқатан ҳам, баъзан салбий иллатларни тинимсиз танқид қилиш орқали биз билмаган ҳолда ўша иллатнинг рекламасига хизмат қилиб қўямиз.
Танқид ва муҳокамалар — бундай «ижодкорлар» учун яшаб қолишга куч берадиган асосий озуқадир. Улар халқнинг нафратини ҳам ўз манфаати йўлида фойдаланишга, рейтинг тўплашга мослашиб бўлишган. Зеро, улар учун салбий машҳурлик ҳам барибир машҳурликдир. Шу боис, бу каби савиясиз чиқишларни енгишнинг энг оқилона йўли — уларни мутлақ унутиш ва эътиборсиз қолдиришдир. Уларни жамиятнинг диққат марказидан суриб чиқариш, қилиқларига муносабат билдирмаслик энг оғир зарба бўлади.
Чунки санъаткор ниқобидаги бундай шахслар учун энг катта фожиа — унинг нафрат билан тилга олиниши эмас, балки мутлақо эсдан чиқарилиши ва эътибордан четда қолишидир. Биз қачонки юксак дид билан асл санъатни қадрлашни ўргансак, бу каби сохта «юлдузлар» ўз-ўзидан саҳнадан юмалаб тушаверади. Юзга тушган ажинлар вақт ҳукмидан қочиб қутула олмаганидек, уларнинг сохта обрўси ҳам тез орада қадрсизланади. Фақатгина муносиб сукут ва маданий инкор орқали биз ўз маънавий дунёмизни бундай лойқа оқимлардан тоза сақлашимиз мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter