Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жерар Депардье Ўзбекистон ҳақида қандай фикрда?

Жерар Депардье Ўзбекистон ҳақида қандай фикрда?

Фото: «Ўзбеккино» миллий агентлиги ахборот хизмати

Таниқли француз актёри Жерар Депардье Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, бу ерда амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик жараёнлари билан танишди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» миллий агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Ташриф мобайнида Депардье Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров билан суҳбатлашди.

«Ушбу марказни барпо этиш ташаббуси билан чиққан мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ёндашувига қўшиламан. Чунки ислом дини инсонпарварлик қадриятларини улуғлайди, бу буюк эътиқоднинг зўравонлик ва қон тўкиш билан тенглаштирилишини қоралайди. Кўплаб халқаро экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон мусулмон дунёси учун инсонпарварлик моделининг пойдеворини қўймоқда», деди Депардье.

Актёр Ўзбекистон азалдан олимлар ва буюк мутафаккирларни дунёга келтирган замин эканлигини алоҳида таъкидлади: «VIII асрдан буён бу заминда ноёб интеллектуал муҳит яратилган. Математика, тиббиёт ва барча фан соҳаларида катта ютуқларга эришилди. Энг нуфузли ҳадислар тўплами — Пайғамбарнинг ҳикматлари Имом Бухорий томонидан тузилган. Нақшбандийнинг энг катта суфийлик нишони бутун Евросиё бўйлаб - Болқондан Индонезияга қадар тарқалган. Кўплаб таниқли буюк олимлар Моварауннаҳрда яшаб келганлар. Европа дунёсининг ҳеч бир мамлакати бундай илмий марказ билан фахрлана олмайди. Бу исломнинг маърифат ғоялари тарғиботчиси эканлигининг яққол белгиси эмасми?».

Эслатиб ўтамиз, машҳур француз актёри Ўзбекистон ҳақида ҳужжатли фильм суратга олиш учун Тошкентга келган. Фильмни суратга олиш жараёнлари Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд,  Бухоро,  Хива,  Термиз ва Нукус шаҳарларида олиб борилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг