Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси янги лотерея ташкил қилади

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси янги лотерея ташкил қилади

Фото: «BitNovosti.com»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 26 август куни «Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Унга кўра, Музейлар реновация дастурини эксперимент тарзида амалга оширилади. Реновация дастурини ҳамда республиканинг маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантиришга қаратилган бошқа тадбирларни молиялаштиришнинг қўшимча манбаларини яратиш мақсадида Жамғармага лотереялар ташкил этилади.

Лотереялар ташкил этиш ва ўтказишдан тушадиган даромадлар Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ихтиёрида қолади.

Лотерея чипталарини тарқатиш ва улар бўйича ютуқларни тўлаш Жамғарма билан тузилган агентлик битимлари асосида «Ўзбекистон почтаси» АЖ ва акциядорлик тижорат Халқ банки томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, лотерея чипталари рекламаси ижтимоий реклама ахбороти ҳисобланади.

Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Жамғарманинг харажатлар сметасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритади, унда лотерея ташкил этиш ва ўтказиш, шу жумладан, зарур тираж ускунасини харид қилиш ва лотереяларни уюштирувчиларга қонун ҳужжатларига мувофиқ қўйиладиган лицензия талаблари ва шартларини қондириш учун зарур бўлган маблағлар назарда тутилади.

Лотерея ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган технологиялар ва асбоб-ускуналарни белгиланган тартибда тузиладиган рўйхат бўйича олиб киришда Жамғарма 2021 йил 1 сентябргача божхона тўловлари тўлашдан озод этилади (бундан божхона расмийлаштирувчи учун тўловлар мустасно).

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг