Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Исроил Тиллабоев

Халқ учун ишла, ўзингга қайтмаса, фарзандингга қайтади!

Маданиятми, маънавиятми?

Маданиятми, маънавиятми?

Иллюстратив фото

Ҳаётимизда кун-кунора бошқалар билан ижтимоий муносабатларимиздаги тартибсизликлардан нолиб гапирамиз. Бирор жойда навбатда турсак, кимлардир тартибга риоя қилмай асабимизни бузади. Автобусда ёшлар ўзидан катталарга жой бермайди. Жамоат жойда телефонда баланд овозда гаплашиб, атрофдагиларнинг жиғига тегишади. Суҳбатдош на эшитишни билади ва на ўз фикрини тушунтиришни... Кўчада дуч келган жойга ахлат ташлаб кетилаверади ва ҳоказо…

Хуллас, жамиятимиздаги муносабатларимиз тобора муаммоларга қоришиб бормоқда. Буларга ҳар ким ҳар хил сабабни кўрсатиши ва бу бўйича ижтимоий тармоқларда ёки юзма-юз ўз фикрини ҳимоялаб, соатлаб баҳслашиши мумкин. Бугун мана шу муаммоларни, ҳеч бўлмаганида, ёшларда йўқотиш йўлини таклиф қилмоқчиман.

Таклифим мактабларга боғлиқлигини, сиз муҳтарам ўқувчи, сезган бўлсангиз ажаб эмас.

Мен юқоридаги муаммоларни бир жиҳат етишмовчилигидан деб биламан. Бу — маданият танқислиги, маданият пастлиги. Ҳа, афсуски тан олишимиз керак, кўчада юриш маданияти пастлиги, жамоат жойда ўзини тута олмаслик, кийиниш этикаларига риоя қилмаслик, кичикларнинг катталар билан, йигитларнинг қизлар билан муомала қила олмаслиги (Дюма асарларида гўзал тасвирлаган жентелменлар каби) ва қизларимизнинг Қодирийнинг Кумушбибисидек дискуссияга киришолмаслиги, чет элда кўчага сигаретини ташлаб, 6-7 ёшли ўша ерлик боладан гап эшитган юртдошларимизнинг ҳолатлари... Барчасига сабабни узоқдан эмас, оиладан, мактабдан излаб, холис айтадиган бўлсак, айнан шу икки муҳитда етарлича олинмаган сабоқ —маданият етишмаслигидандир, деб биламан.

Мактаб инсонни шахс қилиб тарбиялашда асосий ўриндаги ижтимоий институт. Уни тамомлаганларнинг ҳаммаси ҳам келгусида олий маълумотли бўла олмайди. Улар ҳаётнинг турли жабҳаларига сочилиб кетади, лекин ҳар бир фандан таянч билимга эга бўлиб чиқишади. Шунингдек, мактабда олинган тарбия ҳам инсон учун муҳим.

Шу жиҳатдан, биз ўқувчиларга илгари қилган хатоларимизни такрорламасдан, аксинча ҳаётда бутун умр асқотувчи тарбияни, маданиятни сингдиришимиз уларнинг келажаги учун фойдали бўлар эди. Шу сабаб, мен мактабларда МAДAНИЯТ дарсларини фан сифатида киритишни таклиф қиламан!

Тўғри, ҳозир бошланғич синфларда одобнома дарси бор. Илгари, биз ўқиган 90-йилларда бу дарс адашмасам 5-6-синфларда ҳам ўтиларди. Ёдимда, ўшанда ҳар бир дарсда ҳаётдаги турли тасодифий ҳолларда инсон ўзини қандай тутиши кераклиги ўргатиларди. Қаранг, таъсири билинганки, шу вақтгача айнан ўша дарсларни эслайман. Ҳозирда эса, афсуски, юқори синфларда бу дарс ўтилмайди. Нима, ҳозирги ёшларимизга бунинг эҳтиёжи йўқми? Аксинча, телефонни кўрмаган ўша даврдаги биздек ёшлардан кўра, ҳозирда турли ахборот оқимидан боши айланиб ётган, интернетда «шўнғиб» юрган, ижтимоийлашиб кетаётган авлод ўқувчиларига мен айтаётган дарслар айнан илмий ёндашилган ҳолда зарурдир! Бўлиб ҳамки, айни ёши улғаяётган, хулқ атвори ўзгараётган вақтда — ўқувчиларимиз тарбияси учун керак.

Ўқувчиларимизга ижтимоий тармоқларни чеклаб қаергача борар эдик?! Жуда борса мактабни битиргунича эплаймиз, мактабни битирдими, дарҳол «кўрмаганнинг кўргани қурсин» қабилида ижтимоий тармоққа ёпишади, қўяди. Биз бундан кўра, болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятни тушунтириб борайлик, у оддийгина билим ва тафаккурни ўстиришга хизмат қиладиган восита эканлигига урғу берайлик. Ахир ҳозир ижтимоий тармоқда баҳслашишни билмаганидан ҳақоратларга ўтиб кетадиганлар кўпайгандан-кўпаймоқда. Ижтимоий тармоқ ҳам реал ҳаётдагидек муомала майдони, буям катта маданият, дўстлар! Ёшларимиз у ерда қанчалар «маданиятли»лигини кўпчиликка кўрсатиб қўяётганини ёлғон, деб кўринг-чи?!

Мактабларимизда ўқувчиларнинг юкламаларини 10 фоизгача камайтиришга топшириқ берилган вақтда, янги фанни киритиш қийин вазифа, лекин буни бошқа бир фанлар ўрнига жорий қилиш мумкин. Масалан, мактабда ҳар жума куни синф раҳбари ўтадиган «Маънавият» дарслари ўрнига бу фан киритилса, аслида ўша синф ўқувчилари тарбиясида кўпроқ самарали бўлармиди. Олий ўқув юртларида «Маданиятшунослик» дарси ўтилади, демак, бу фан сифатида шаклланиб бўлган. Аллақачон ўз объекти ва субъектига эга. Шуни мактаб ўқувчилари ёшига мослаб ўтиладиган қилиб режалаштириш ва дастур тузиш қийин иш эмас, ахир бу фан маълумотлари кундалик ҳаётимизнинг ажралмас муносабатларидан ташкил топганку?

Яқинда ижтимоий тармоқларда «маънавият» атрофида кўплаб тортишувлар бўлди. Баҳсга киришганлар маънавиятни ва «маънавиятчи»ларни айблаш даражасигача борди. Бу тортишувлар юзасидан, ҳатто Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, депутат  Aлишер Қодиров ҳам ўз баёноти билан чиқиш қилди. Мен бу баҳсни кузатиб, 27 йил давомида қўлидан келган ишларни қилаётган «маънавият»чиларга осон эмаслигини ҳис қилдим. Негадир шунча йил мобайнида маънавият улар ўйлаганидек ва кутганидек инсонлар юрагига сингиб кетмаганини кўриб эса, «маънавият»чиларга раҳмим ҳам келди. Шунча йиллик ҳаракат, қайсидир маънода, улар кутганчалик кишилар руҳига сингмагани билиниб қолди. Ижтимоий тармоқлардаги изоҳлардан, демак нимадир барибир етишмаганлигини ҳис қилдим. Балки бу маънавиятнинг ўта назарийлаштирилганидан ёки барча нарсага уни, тўғри келса-келмаса, тиқиштираверишганидан оддий халқни зада қилиб юборишгандир.

Келинг, энди ҳаётни реалроқ нарсалар билан қурайлик, ҳеч бўлмаса бундан буёғига ўта назарийлаштириб юборганимиз маънавиятни (бутун мактаб даврида 11 йил ўқитиб, мажбуран ёдлатиб, лекин битиргач, ўзи ҳам тушунмаган ҳолда ҳаётга қўйиб юборгандан кўра) ҳаётнинг барча жабҳаларига доир маданий мулоқотни, маданиятни ўргатиб чиқарайлик!

Зеро, МAДAНИЯТ деганда мен маънавиятдан кам нарса тушунмайман: суҳбатлашиш маданияти, кийиниш маданияти, саломлашиш маданияти, ўқиш маданияти, ёзиш маданияти, ижтимоий тармоқ маданияти, ватанни севиш маданияти, йиғилишда қатнашиш  маданияти, театрда, кинотеатрда ўтириш маданияти(!), истироҳат боғида сайр қилиш маданияти (!) ва ҳоказо… Қолган ёдимдан кўтарилганларини сиз таклиф қилиб кўринг-чи? Хўш, нечтагача давом эттирдингиз? Яна 10 та? 15 та?

Aна, кўрдингизми, маданият дарсида ўқувчиларимизга ўргатиш лозим бўлган мавзулар сероб. Буни сиз ҳам, мен ҳам, гарчи маънавият ўргатиши лозим бўлган нарсаларни 2-3 тагача билган ҳолда, маданиятга келганда, бемалол анчагина санай оляпмиз. Энди тасаввур қилаверингки, бунга ҳақиқий шу соҳа мутахассислари киришишса, қанчалар кўп маълумотлар билан тўлдириб юборишини.

Шундай қилиб азизлар, ёшларимиз тарбиясидаги бўшлиқларни тўлдиришни истасак, энг аввало, уларнинг маданиятини жойига келтириб олайлик: мактабда 5-синфдан токи 11-синфгача махсус мутахассис ўтадиган «Маданият» фанини қўшайлик, агар бу ишни тизимли ва пухта амалга ошира олсак, ишонаверинг, ўқувчиларимиз маънавияти ўз-ўзидан жойига тушиб кетади.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг