Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Машҳур «Иванушка»нинг фожиали ҳаёти ёхуд қимматга тушган минг доллар

Машҳур «Иванушка»нинг фожиали ҳаёти ёхуд қимматга тушган минг доллар

Сиз бу актёрни болалик пайтингизда экранда кўп учратгансиз. Ҳозир ҳам унинг иштирокидаги «Аёз бобо» эртак-фильмини кўриб турсангиз ажаб эмас. Фильмдаги Иванушкани театр ва кино актёри, истеъдодли артист Эдуард Изотов ижро этган. Гарчанд унинг кинодаги муваффақияти омадли кечган бўлса-да, ҳаётидаги кўнгилсиз воқеа кейинги мавқеи ва саломатлигига катта путур етказди.

Ҳайрон бўлган комиссия

Эдуард Константинович Изотов 1936 йил 11 ноябрда Беларуснинг Витебск областида туғилган. Унинг отаси ҳарбий бўлиб, оиладагилар Эдуардни ҳам шу йўлдан кетади, деб ўйлашганди, аммо ўғилнинг нияти бошқа экан.

Эдуард болалигидан актёр бўлишни орзу қиларди. Мактабни тугатгач, ўқишга кириш учун Бутунроссия давлат кинематография институтига (ВГИК) ҳужжат топширди. Имтиҳон куни жўрлик қилувчи созанда билан келди ва комиссия аъзоларини ҳайрон қолдирди. Куйлай бошлаганида эса улар дарҳол қаршиларида бўлажак юлдуз турганини тушуниб етишди.

Зиёли, бўйчан ўсмир кўзни қамаштирувчи табассуми ва чиройли овози билан имтиҳонлардан осонгина ўтди ва 1954 йили институтга қабул қилиниб, Владимир Белокуровнинг актёрлик бўлимига ўтказилди.

Яширин никоҳ ва муваффақиятлар

Иккинчи курсда Эдуард курсдоши Инга Будкевич билан учраша бошлади. Улар ўзаро аҳдлашиб, 1956 йили ҳаммадан яширинча никоҳдан ўтишди ва алоҳида яшай бошлашди. Ўзларининг уй-жойи йўқ эди.

– Паспортларимиздаги муҳрга қарамай, биз алоҳида яшаётганимизни охиригача сир тутдик, – дейди Инга Будкевич ўша кунларни эслаб. – Ниҳоят никоҳимиз ҳақида эълон қиладиган кун келди. Фақат Эдикнинг ота-онаси ҳеч нимани билмасди. У онасининг қаршилигидан қўрқарди. Анна Иосифовна мени келин қилишга қатъиян қарши эди.

Хайрият, тез орада ёш артистларнинг оилавий ҳаёти изига тушди. Оилада  ва бунга ҳамоҳанг равишда кинематографдаги фаолият йўлга қўйилди. 1959 йили институтни тугатган Эдуард Константинович «Чўлдаги сукунат» фильмида илк ролини ўйнади. Оилада қизалоқ Вероника дунёга келди. 1961 йили эса Изотов тарихий-инқилобий «Биринчи синовлар»да бош ролни ижро этиб, муваффақиятни мустаҳкамлади. 1964 йилда Изотов Александр Роунинг «Аёз бобо» эртак-фильмида Иванушкани ўйнагач, бутун мамлакатга машҳур бўлди.

Роу ва Изотов 1968 йилда ҳам ҳамкорликда ишлашди. Эдуард Константинович «Олов, сув ва… мисс карнайлар» эртагида гармончи бўлиб экранда кўринди. Кейинги 12 йил мобайнида Изотов кинода фаол ўйнади ва дубляж билан машғул бўлди. Унинг ижросидаги фильмлардан «Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси» (Гитлернинг адъютанти ролида), «Мимино» (Владимир Николаевич, экипаж командири), «Истаклар соати» (Олег Иванович, Лобановнинг раҳбари) ва бошқа кўплаб машҳур картиналарни қайд этиш мумкин.

Доллар айирбошлайман, деб...

1980 йилда Эдуард Изотовнинг ҳаётида кескин бурилиш рўй берди ва бу тузалмас хатолар олиб келди. Вақт ўтиб хотини Инга Будкевичнинг унга бўлган ҳис-туйғулари совиган эди ва кейинчалик ўзи машҳур классик ибораси билан айтганда: «Севги қайиғи чилпарчин бўлди». Будкевич кинорежиссёр Юрий Мастюгин билан танишиб, келгуси ҳаёт риштасини у билан боғлади. Оиласини сақлаб қолишни истамаган Изотов хотинини ушлаб қолмади ва ўзига янги умр йўлдоши топди. Бу аёл Ирина Лидиженская бўлиб, «Фитиль» киножурнали муҳаррири эди.

1983 йили Эдуард Изотов ва хотини Ирина Ладиженская Пушкин майдонидаги «Лира» кафесида валюта алмаштираётганда ҳибсга олиндилар. Актёрнинг ёнида минг доллар бор эди. Ўша вақтда бу катта пул ҳисобланар, қолаверса, СССРда валюта операциялари қатъиян тақиқланган эди (кейин маълум бўлишича, актёрни ҳасадгўй ҳамкасби сотган, яъни чақимчилик қилган).

Ирина ва Эдуард ер сотиб олган ва дала-ҳовли қурмоқчи эдилар, холос. Пул етмади ва долларни рублга алмаштирмоқчи эдилар. Эдуард пул олди-сотдисидан олдин валютани этигига яширган эди. Кафе ёнида уларни милиция кутарди.

Таниқли артистлар, жумладан, собиқ хотини Инга Будкевичнинг илтимосномаларига қарамай, Изотов ва Ладиженская озодликдан маҳрум этилди.

– Судья ҳукмни ўқиди. Изотовга уч йил беришди, бу муддатдан бор-йўғи олти ойни чегириб ташлашди. Югур-югурлар туфайли Эдикни бошқа ҳудудга юборишмади. Москвадаги қамоқда қолдиришди (Инга Будкевич интервьюсидан).

Синовлар ҳаммани тоблайвермайди

Синовлар кимнидир кучли одамга айлантирса, кимларнидир синдиради. Эдик иккинчи тоифадан эди. У қамоқхона ҳаётига сира кўника олмади: камера эшигидаги калитнинг шарақлаши-ю, соқчининг қичқириғини эшитганида сапчиб тушарди.

– Ҳеч эсимдан чимайди, – дейди Инга Будкевич. – Бир куни қамоқхонадаги учрашув чоғида у мендан: «Мени севасанми?» деб сўради. Олдинлари Эдик ҳеч қачон бундай савол бермаганди. Гарчанд биз ажрашган бўлсак-да, мен сира ажабланмадим. Эҳтимол, ҳаёти мобайнида биринчи марта бу ҳақда билиши муҳим бўлгандир. «Албатта, севаман, Эдик, севаман», – деб жавоб бердим кўз ёшларим билан. У менинг қадрдон инсоним, биринчи муҳаббатим, қизимнинг отаси. Агар билса эди...

Эдуард Изотовни муддатидан олдин озодликка чиқаришди. Ҳовлида 1986 йил ҳукмрон бўлиб, актёр аллақачон эллик ёшни уриб қўйган эди. Эдуард Константиновичнинг кўриниши яхши эди, бироқ...

Қамоқдаги муддат унинг руҳияти ва саломатлигига катта таъсир қилган эди. 1988 йили биринчи инсульт рўй берди, кейин улар кетма-кет давом этди (жами олти марта). Изотов Кинактёрлар театрида ишлаётганди, 1997 йилги тўртинчи инсультдан сўнг у хотирасини йўқотадиган ва матнни унутадиган бўлди. Оқибатда иш билан хайрлашишга тўғри келди. Кинода суратга тушмади. Кейин жарроҳлик операциялари бошланиб кетди (Борис Хмельницкий, Сергей Никоненко, Адександр Панкратов-Чёрний, Александр Абдулов пул бериб турдилар).

Касаллик зўрайди. Изотов мустақил равишда ҳаракат қилолмайдиган бўлди, у зўрға гапирар, вақти-вақти билан яқинларини танимай қоларди. Умрининг сўнгги ярим йилини актёр ёпиқ психоневрологик пансионатда ўтказди.

Эдуард Константинович Изотов 2003 йилнинг 8 мартида такрорий инсульт туфайли 66 ёшда ҳаётдан кўз юмди. Уни қабристондаги отасининг ёнида дафн этилди.

Акбар Фатҳуллаев

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг