Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбекконцерт»нинг лицензиясини олиб қўйиш пайти келгандир?»

«Ўзбекконцерт»нинг лицензиясини олиб қўйиш пайти келгандир?»

«Буюк келажак» экспертлар кенгаши эксперти Беҳзод Мамадиев «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг лицензиясини олиб қўйиш пайти келганига ишора қилган.

Эксперт «Ўзбекконцерт» санъаткор Жаҳонгир Отажоновни «маънавиятсизлиги» учун лицензиядан маҳрум қилганига ўз муносабатини билдирган.

«Хуллас, «миллий урф-одатлар»ни бузгани учун, «маънавиятсизлиги» учун Жаҳонгир Отажоновнинг лицензиясини олиб қўйишибди. Афсуски, бу баёнот ташкилотнинг нақадар архаик тузилмага айланганини, ижтимоий тармоқларда ҳамманинг кулгисига қолишдан бошқасига ярамаётганини кўрсатади, холос», деб ёзган Б.Мамадиев.

«Миллий урф-одатларимиз ва одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган номуносиб ҳаракатлар» нима ўзи? Бу терминларга қонунда таъриф берилганми? Бу одатларни бузганлар жазоланиши тартиби белгиланганми? Руслар, насронийлар ва бошқа озчилик диний-этник гуруҳларга мансуб Ўзбекистон фуқаролари бу «миллий урф-одатлар»га риоя қиладими? Риоя қилмаётган бўлса, уларни ҳам жазолаш керакдир? Қачондан бери давлат идораси «миллий урф-одатлар»ни рўкач қилиб, конституцияга зид равишда ўз мафкурасини бошқаларга мажбуран ўтказишга ҳаракат қилади?

Санъат соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектларини тартибга солиш учун балки лицензия керакдир. Лекин лицензия фақат қонун бузилган ҳолатдагина тортиб олиниши ва қонун бузилиши ҳолатлари бандма-банд аниқ-тиниқ ёзиб қўйилиши керак. «Миллий урф-одатлар», «маънавият» деган мужмал сўзларга бу қонунда ўрин йўқ! «Ўзбекконцерт»нинг лицензиясини олиб қўйиш пайти келгандир балки?», деб фикрини якунлаган эксперт.

Эслатиб ўтамиз, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Комил Алламжонов ҳам бу қўшиқчининг лицензияси олиниши уни севиб эшитишга тўсқинлик қилолмаслигини билдирган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг