Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент раислигида навбатдаги йиғилиш: бу сафар киночилар диққат марказида бўлди

Президент раислигида навбатдаги йиғилиш: бу сафар киночилар диққат марказида бўлди

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 29 декабр куни миллий кино санъати ва киноиндустриямизни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда Бош вазир, тегишли вазирлик ва идоралар, «Ўзбеккино» миллий агентлиги ва унинг тизимидаги ижодий ташкилотлар раҳбарлари, киноижодкорлар вакиллари иштирок этди.

— Дунё миқёсида турли ғоя ва мафкуралар кураши, одамлар, айниқса, ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун турли кучлар ўртасида рақобат кескин тус олган бугунги кунда энг оммавий санъат бўлган кинонинг беқиёс имкониятларидан самарали фойдаланишимиз керак, — деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президент соҳа олдида турган долзарб вазифалар ҳақида тўхталиб, кино санъатининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, маданият ва санъат йўналишидаги олий таълим муассасалари, тажриба ва малака оширишини ташкил этиш билан боғлиқ ишларни жадаллаштириш ва уни тизимли равишда йўлга қўйиш зарурлигини алоҳида қайд этди.

Яна бир муҳим масала — ҳудудларда кинотеатрлар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш билан боғлиқ ишлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Ана шулардан келиб чиққан ҳолда, вилоят ва туманларда кинотеатрлар фаолиятини қатъий йўлга қўйиш бўйича тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Шунингдек, кинопрокат тизими ҳам қониқарсиз экани, бу яратилаётган филмларни мунтазам намойиш этиб бориш, бошқача айтганда, аҳолига кино хизмати кўрсатиш кўламини кенгайтириш имкониятини чеклаб қўяётгани танқид қилинди.

Йиғилишда соҳадаги мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларига топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Жумладан, кинематография соҳасини ривожлантириш борасида қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш, хорижий киностудиялар ва киноижодкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, улар билан ҳамкорликда фильмлар яратишни йўлга қўйиш ғоят муҳим экани қайд этилди.

— Биз буюк халқимизни улуғламоқчи, Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этмоқчи эканмиз, бу ишни биринчи навбатда кино санъати ёрдамида амалга оширишимиз керак. Айнан кино санъати орқали жаҳон экранларини забт этишимиз, шу йўл билан дунё аҳлининг диққат-эътиборини қозонишимиз мумкин. Бунинг учун яна бир бор куч ва имкониятлар, ижодий салоҳиятни ишга солишимиз керак, — деди Президент.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг