Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қутлибека Раҳимбоеванинг кўнгил қатидаги гаплари...

Қутлибека Раҳимбоеванинг кўнгил қатидаги гаплари...

Ўзбекистонда хизмат маданият ходими Қутлибека Раҳимбоеванинг мўъжазгина, бироқ мазмун жиҳатидан анча салмоқли «Тўйлар муборак» номли рисоласи катта қизиқиш билан ўқилади. «Адолат» нашриёти чоп этган мазкур тўпламни бир зарбда ўқиб чиқдим, тассуротлар эса қўлга қалам олишга ундади.

Муаллиф бугуннинг оғриқли муаммоси кўтарибди. Зеро, совчиликдан тортиб, то тўй-ҳашамгача ва ундан кейинги жараёнларнинг деярли ҳар бир нуқтасида қандай ёқимсиз маназараларга дуч келинаётгани ҳеч кимга сир эмас. Қутлибека опа улар ҳақида куйинчаклик билан сўз юритади. Жумлалар самиямиятдан товланса, фикрлар залвори елкага оғир юк мисол тушади. Миллий қадриятларимиздан узоқлашиб нима топдик? Фақат қайғу, алам, ғурбат... Фарзандларнинг камоли, ёшларнинг бахтини ўткичи моддиятга боғлаб, орттираётганимиз нима? Оилаларда туғилаётган гўдаклар эртаги келажак эканини теран ҳис этяпмизми? Ҳашаматларга ҳаддан зиёд берилиб, борган жойимиз суд идораси бўлмаяптими? Бундан наинки қуда-анда ёки ёш келин-куёв, балки бутун жамият муаммо устига муаммо орттирмаяптими? Хуллас, тўпламни ўқиганингиз сари шу ва шу каби саволлар сизни ўйлашга, мушоҳада қилишга ундайверади, ундайверади...

Қутлибека опа фикрини зўрлаб ўтказишга уринмайди, аксинча, оила масаласидаги бугунги муаммоларга миллий қадриятларимиз нуқтаи назаридан қараб, жуда ўринли фикрларни ўртага ташлагани, қайсики масалада фикр юритса, ўз мулоҳазаларини баён қилиб, ўқувчини ҳамфикрлашга чорлайди. муллифнинг қуйидаги мулоҳазаларига эътибор беринг-а: «Ҳозирги оилавий ажралишларнинг оз эмаслиги сабабини бир нарсада кўраман. Совчиликка бориб, фотиҳа қилингач, 15-20 кунда тўй бўлиб кетяпти... Лекин мен эслайман: ўсмирлигимизда қизлар бир йиллаб унаштириб қўйиларди. Балки, доно бобо, момоларимиз бунча кўп вақтни синов муддати қилиб, белгилашгандир?.. Мен кетма-кет фикрларни ўртага ташлаяпман-ку, Сизга бир гапни таъкидламоқчиман. Бу-менинг фикрларим, Сиз эса энди фикрлай бошладингиз. Балки, қўшиларсиз, балки бошқа таклифингиз бордир? деб ўйлайман, Сизчи, Сиз нима дейсиз?».

Бир-икки жумла билан рисоланинг бор бўйини кўрсатиб бўлмайди. Уни ўқиган одамгина муаллифнинг изтироблари ҳақида тасаввурга эга бўлиш мумкин. Аслида Қутлибека Раҳимбоева ўзининг эмас, сиз-у биз ўралашиб қолган муаммолардан изтироб чекмоқда. Эҳтимол, мазкур тўплаб Сизнинг дардларингизга маънавий малҳам бўлар?... Шунингдек, тўплам «фарзандининг бошни икки қилиш» тараддусидаги ота-оналарга яхши маслакдош вазифасини ўташи ҳам мумкин.
Холмўмин Ёдгоров,
Олий суд раисининг ўринбосари

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг