ЕТТБ Хоразмда йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш учун имтиёзли қарз ажратди
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) «D 213 «Урганч — Хонқа — Ҳазорасп — Амударё дарёси — А380» автомобиль йўлининг 0 — 84 км қисмини реконструкция қилиш» лойиҳаси учкн 4 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 18 йил муддатга 238 млн АҚШ доллари миқдорида қарз ажратишни маъқуллади.
ПҚ-390-сон қарорда таъкидланишича, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 294,1 млн АҚШ доллари бўлиб, бунда ЕТТБнинг улуши 238 млн АҚШ доллари, Ўзбекистон Республикасининг улуши эса 56,1 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни ташкил этади.
Лойиҳани амалга ошириш даври 5 йилни (2 йиллик кафолат даврини ҳисоблаган ҳолда 2024 — 2029 йиллар) ташкил этади.
Белгиланишича, Автомобиль йўллари қўмитаси ва унинг таркибидаги «Автойўлинвест» агентлиги Лойиҳани ўз вақтида сифатли амалга ошириш ҳамда ЕТТБ қарзидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича масъул ижро этувчи орган ҳисобланади. ЕТТБ томонидан ажратилган қарзларни қайтариш, фоиз ва бошқа тўловлар бўйича харажатлар эса Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Мазкур қарор билан, шунингдек, Лойиҳа доирасида мақбуллаштириладиган ва иқтисод қилинадиган маблағларни Хоразм вилоятидаги «D 217 «Урганч — Гурлан — Манғит — Туркманистон Республикаси чегараси» автомобиль йўлининг 5 — 75 км қисмини қайта қуриш лойиҳасига йўналтириш тўғрисидаги таклифи ҳам маъқулланган.
ЕТТБ билан эса тегишли вазирлик ва идоралар 2024 йил 31 декабрга қадар Лойиҳа доирасида мақбуллаштириладиган ва иқтисод қилинадиган маблағларни мазкур юқорида назарда тутилган ишларга йўналтириш юзасидан музокаралар ўтказиш вазифаси қўйилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter